МақолаларМусулмоннинг одоби

Иффат – инсон зийнати

Иффат – инсон ўз нафсини гуноҳ ва бузуқ ишлардан сақламоғи демакдир. Бизларни гуноҳ ва маъсиятдан сақлагувчи, ҳаром-харишдан нафсимизни асрагувчи нарса иффатимиздир. Гўзал хулқ соҳиби, иффат эгаси аввало қалбини, виждонини поклаб, тилини ёлғон, ғийбат, бўхтон ва беҳуда ёмон сўзлардан сақлайди. Чунки инсонга у хоҳ эркак бўлсин ёки аёл бўлсин, кўпроқ тил иффати лозимдир. Кишининг бошига келадиган кулфат ва захматларнинг аксари ёмон тилидан, андозасиз ортиқча, беҳуда сўз гапиришдан келади.

Иффат эрлардан кўпроқ хотинлар учун олмосдан қиммат, инжуданда қадрли зийнат ва фазилатдир. Иффатли инсон ҳар вақт атрофга назари ибрат билан қарайди. Кеча ва кундуз фикри, зикри ватандошларига, қўни-қўшнисига, қариндошларига яхшилик ҳамда хайрихоҳликдан иборат бўлади. Буюк саҳоба ҳазрати  Али розияллоҳу анҳу, “Иффат хотинларнинг энг зийнатли либоси, эрларнинг сармойи улувийятидир” деганлар.

Луқмони ҳаким: “Иффат номуснинг энг маҳкам суянғичидир. Нафснинг ҳужумига иш қувват билан муболаға қилинур”, деганлар.

Афлотун: “Иффат хотиндан кўпроқ эрларга ярашадиган бир сифатдир. Хотин иффати адаб ва номусини сақлашдир. Эрнинг иффати бутун инсоният адабига шомилдир. Иффатсиз, ор-номуссиз инсон ялонғоч-жасад кабидир”, деган.

Маърифатвор шоир ёзувчи Авлонийнинг қуйидаги пурмаъно сўзида шундай сатрлар бор.

Зотингга зийнат ўлан иффатни дилда сақлагил,
Шаҳвату нафсинг сани бўлғусидир ақлингга қул.
Ҳар кишининг дунёда йиртилса иффат пардаси,
Нафси шайтондек ани бир кун солув бўйнигга ғул.

Саҳобалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ! Бизнинг маҳаллада бир аёл бор. Кундузлари рўза тутади, кечалари уйғоқ ибодат қилади. Фақат қўшнилари билан яхши муомалада эмас, иффати йўқ, уларга хунук гаплар гапиради, бу аёл ҳақида нима дейсиз?” дедилар. Шунда У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда ҳеч эзгулик йўқ. У жаҳаннамга боргувчидир”, дедилар.

Яна У зот алайҳиссаломдан: “Энг қимматли, қадрли мусулмон кимдир?” дея сўраганларида, пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳақиқий мусулмон шундайки, унинг қўлидан, тилидан ҳеч ким жабр кўрмайди” деб марҳамат қилдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом гўзал ахлоқлар ўргатиш, яхши феълларни билдириш учун келганлар. Гўзал ахлоқ, яхши феъл-атфор, иффат, ор-номус – Исломнинг асосидир. Намозсиз рўзасиз ҳам яхши ахлоқ бўлмайди. Ҳар иккиси биргаликда жаннатга йўл бошлайди. Бу хақиқатни тўғри тушуниб англамоқ даркор.

Қурбонали ПИРМАТОВ,
Бешариқ тумани “Узун” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close