«Имом Бухорий» масжиди

Маҳалладаги ёши кексаларнинг гувоҳлик беришича, масжид тахминан 1820 йилларда қурилган. У Мозортаги қишлоғидаги Масали ҳожи (Муҳаммад соли) бойнинг ташаббуси ва маблағи ҳисобидан, Қўқон шаҳрининг ҳунарманд усталари томонидан ганж ва ёғоч ўймакорлик санъати асосида бунёд этилган. Тарихда масжид ҳудудида мактаб ҳам бўлиб, унда ўғил болаларга Масали ҳожининг фарзандлари Қоравой ҳожи, Мадали ҳожи, Мулла Ёқуб, Мадориф қори, Қаландар ҳожи, Абубакр саркорлар диний талим беришган. 1890-1910 йиллар давомида уларнинг шогирд, фарзандларидан Мулла Усбали, Мақситали қори, Раҳмон қори, Ҳожи Муҳаммад, мулла Мамасоли, мулла Шермуҳаммад, мулла Абдуҳалил ҳам ислом дини тарихи, фиқҳ, ҳадис илми соҳасида билимга эга бўлганлари етишиб чиққанлиги айтилади.

1920 йиллардан бошлаб масжид биноси қаровсиз ҳолга келиб қолди. 1920-1960 йиллар давомида масжид биносидан жамоа ҳўжалиги пахта қуритиш  омборхонаси сифатида фойдаланиб келинди.

1991 йили Ўзбекистон Республикаси  мустакил бўлгандан сўнг тарихий қадимий ёдгорликларни тиклаш ва қайта қуриш шарофати билан  1993 йили янгидан 300 кишини бағрига сиғдира оладиган масжид биноси бунёд этилди.

Масжидга кенг жамоатчиликни таклифлари асосида «Имом Бухорий» номи берилди. Аҳоли томонидан ҳашар йўли билан масжидга қўшимча бинолар қурилди.

Ҳозирга қадар Мамажонов Алижон, Холматов Улуғбек ва Аҳмедов Асадуллоҳ домлалар масжидга имомлик қилганлар.

Масжид имом-хатиби: Исломов Ғанижон

Масжид манзили: Фарғона вилояти Қува тумани Қорақум маҳалласи

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan