Имом-хатиблар ҳиммати

Ислом дини эзгулик, инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишга ундайдиган, инсонни ўзига ҳам, ўзгага ҳам озор бермасликка чорловчи диндир. Аллоҳ таоло ўз Каломи шарифида:

ومَثَلُ الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ وَتَثْبِيتًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ كَمَثَلِ جَنَّةٍ بِرَبْوَةٍ

“Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайди” (Бақара сураси, 265-оят) дея марҳамат қилиб Аллоҳнинг йўлида холис бошқа одамларнинг оғирини енгил қиладиган бечораҳол, етим-есирлар учун сарфлаган мол-мулклари ҳисобидан бир неча баробар кўпайтириб беришини хабарини  беряпти. “Бақара”  сурасининг 271-оятида эса:

إنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Садақани ошкор қилсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан Абу Ҳурайра розиялоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: – “Ким бир мўминни (бошидан дунёвий ғам-ташвишларни аритса, Аллоҳ таоло унинг (бошидан) Қиёмат куннинг ғамини аритади. Ким қийналган кишига ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга  дунё-ю охиратда енгиллик  беради…”. Зеро, Расуллуллоҳнинг бизга кўрсатмалари шундай бўлган. Ўзлари бошқаларга қараганда кўпроқ ибодат, эзгу ва хайрли ишлар қилганлар.

Бундан руҳланган мўмин-мусулмонларимиз эҳсон-саховатларини кўпайтириб, катта савоблар олиш умидида эҳтиёжманд, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга меҳр-мурувват саховат кўрсатганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалломнинг  ушбу  кўрсатмаларига  асосан  меҳр-мурувват, хайр эҳсон қилишга  кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган  кексалар ҳолидан хабар олиб туришни  ўзимизнинг кундалик вазифамизга айлантиришга интиламиз.

Шу ўринда буюк  имом, Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳ билан бўлиб ўтган бир  воқеани ёдга олиш жоиз келиб қолди. Имомнинг олдиларига бир аёл келиб ўғиллари ширинликни жуда яхши кўриши сабабли кўп асал истеъмол қилаётганлигини, жума мавъизасида асалнинг кўпи зиён эканлигини одамларга билдиришларини илтимос қилибди. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ асал тўғрисида гапиришни ваъда берганларидан сўнг орадан  40 кун ўтгандан сўнг ҳар қандай ширин нарсанинг кўпи ҳам зиён эканлиги, жумладан асал ҳам меъёридан ортиқ истеъмол қилинса, заҳарга айланиши ҳақидаги ваъзларини айтибдилар. Асал тўғрисида илтимос қилган аёл имомнинг олдиларига қайта келиб “Ўғлим асал ейишни камайтирди, Аллоҳга шукр! Лекин орадан шунча кун ўтди, маъвизангизни ўша куниёқ қилсангиз бўлмасмиди?” деган саволни берибди. Шунда Буюк имом: “Эй аёл, сен келиб савол берган маҳалингда мен ҳам асални хуш кўрар ва уни кўп истеъмол қилардим. Сенинг саволинг туфайли асални шу кунлар мобайнида камроқ едим ва ундан кўнглимни уздим. Агар ўша куни кўп асал ейишнинг зиёни ҳақида гапирганимда гапим ўғлингга таъсир қилмас эди” дея жавоб берган эканлар.

Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган масжид имом-хатиблари меҳр-мурувват, хайру-эҳсон, саховат кўрсатиш борасида аввало ўзлари бошқаларга ўрнак бўлиб келишяпти. Ўз ҳудудларида кам таъминланган оилаларни Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фарғона вилоят вакиллиги тавсиялари асосида ҳомийликка олган имом-хатиблар меҳр-мурувватга муҳтож бўлган оилалар, ҳамда имконияти чекланган фуқароларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқдалар.

Буни биргина Олтиариқ тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, туманидаги “Устоз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, боқувчисини йўқотган фуқаро Г.Фармоновага туман бош имом-хатиби Б.Шерматов бошчилигида тумандаги барча имом-хатиблар ёрдамида 3 хоналик янгитдан уй қуриб бериляпти. Бу бинони барпо этиш учун имом-хатиблар 25 миллион сўмлик мурувват кўрсатдилар. Янгитдан барпо этилаётган бино олдида маҳалла аҳли билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маҳалла фаоллари Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фарғона вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби С.Қодиров имом-хатибларни кам таъминланган оилаларга ёрдамини уюштиришдек хайрли ташаббуслар билан чиқаётганлигини олқишладилар. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган хонадонлар, оилаларга ёрдам қўлини чўзиш нафақат миллий менталитетимиз, динимиздаги энг  эзгу амаллардан бири эканлиги қайта-қайта таъкидланди.

Висол кўчасида истиқомат қилаётган, боқувчисини йўқотган, Аллоҳ таоло инсонларга берган улуғ неъматлардан бири – ёруғ оламни кўриш бахтидан бенасиб бўлган  Ҳ.Усмонова 2 нафар фарзандини тарбиялаб келяпти. Уларнинг бири мактаб ўқувчиси. Имом-хатибларнинг моддий ва маънавий кўмаклари сабаб, Ҳанифахоннинг уйи 28 миллион сўм сарфланиб, тўлиқ таъмирлаб берилди. Файзиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Табассум кўчасида истиқомат қилаётган Зулфияхон Ҳалилова ҳам боқувчсини йўқотган. Уч нафар фарзандли бу аёлнинг оғирини енгил қилиш, қиш-қировли кунларда қийналмаслиги учун 31 миллион сўмга 3 хона уй қуриб берилди.

Шу ўринда Бақара сурасидаги 273-оятни ёдга олиш ўринли:  (Садақалар) Аллоҳнинг йўлида тутилиб қолган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нима яхшилик нафақа қилсангиз, бас, Аллоҳ албатта, уни ўта билувчидир.

Файзиобод шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Дилбархон Расулова мисолида ана шундай сиймони кўришингиз мумкин. Зеро, у боқувчисини йўқотган, икки нафар ёш фарзанди бўлишига қарамай ўзгалардан сўрашга ҳаё қилишини вилоят бош имом-хатиби унинг хонадонига ташрифи чоғида ҳам гувоҳ бўлинди. Аввал Тожикистон фуқароси бўлган Д.Расулова муҳтарам юртбошимимз Ш.Мирзиёев томонидан Ўзбекистон фуқаролиги берилганда кўнгли осмон қадар кўтарилган эди. Ҳар бир намозида муҳтарам Президентимизни дуо қиладиган Д.Расулованинг хонадони ҳам имом-хатибларнинг кўмагида 21 миллион сўм сарфлаб кўркам ҳолга келтириб берилди.

Фарғона вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллиги, вилоят бош имом-хатиби ташаббуси ва кўрсатмалари асосида бошқа туманларда ҳам мана шундай хайрли, эзгу ишлар давом этмоқда.

Умр ғанимат, кишидан эса фақат яхшилик қолади. Шундай экан, келинг азизлар, ана шу ғанимат фурсатда муҳтожга ёрдам кўрсатиб кўнгил олишга шошилайлик. Ажаб эмаски, бундайин саъй-ҳаракатлар сабаб икки дунё саодатига эришсак!

Фарғона вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan