Имом-хатиблар иштирокида тарғибот тадбири

22 ноябрь куни Фарғона вилоятида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар” мавзуида диний соҳа ходимлари ҳамда маънавият тарғиботчилари учун ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Ш. Исломов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Р.Раҳмонов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Ш.Тўраев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вакиллари, вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятидан диний соҳа ходимлари, маънавият тарғиботчиларини янада батафсил шаклда хабардор этилди. Шунингдек, маърузачилар томонидан келтирилган жонли мисол ва аниқ рақамларга таянилган қиёсий кўрсаткичлар тадбир таъсирчанлигини оширди.

Тарғибот тадбирида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб бораётган сиёсатининг моҳияти, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир давомида:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти;

– жорий йилнинг 18 октябрида Тошкентда ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларининг юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари;

– имом-хатибларнинг ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимизнинг софлигини асрашда тутган ўрни ва вазифалари;

– ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг онги ва дунёқарашини “оммавий маданият” каби салбий таъсирлардан ҳимоялашнинг муҳим йўналишлари мавзуларида сўз юритилиб, сўз борган мавзулар видеолавҳалар ва слайдлар воситасида ёритилди.

Ўқув-семинарда Ислом оламида кечаётган мураккаб  ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл мазмуни, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда турли ғаразли ва террористик ҳолатларни муқаддас Ислом дини билан боғлаётган кучларга нисбатан диний соҳа ходимларининг якдил муносабатини белгилаш, уларга қарши курашишнинг самарали усуллари устида ишлашга келишиб олинди.

Вакиллик матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Leave a Comment