ДолзарбФотоЯНГИЛИКЛАР

Имом-хатиблар ногиронлиги бўлган кишилар ҳолидан хабар олдилар

Хабарингиз бор, 1992 йил 14 октябрь санасида БМТ махсус қарор қабул қилган. Унга кўра, “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” сифатида нишонланади.

Маълумотларга кўра, дунёда тахминан 1 миллиардга яқин ногиронлар истиқомат қилади ва табиийки улар ҳаётда бошқалардан кўра фарқли ўлароқ кўпроқ муаммо ва қийинчиликларга дуч келадилар.

Бутун оламга раҳмат қилиб юборилган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг одатлари, гўзал хулқ ва фазилатларидан ҳам бири – беморларни зиёрат қилиш бўлган. Ҳатто У зот ўз умматларига ҳам бу фазилатни қўлдан бермаслик, бемор, ёрдамга муҳтож, ёлғиз ва кексаларни зиёрат қилишга, мўмин киши уларни ҳолидан ўзига ибрат олиб, шукроналик билан яшашга ўрганишини таъкидлаганлар.

Ибни Умар (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади”.

“3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Фарғона вилоятидаги имом-хатиблар бошчилигига бир қатор хайрия тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, вилоят бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдуллаев Риштон тумани “Қози Аҳрор” маҳалласида истиқомат қилувчи Биби София она хонадонига ташриф буюриб, ногиронлик аравачиси совға қилди.

Қувасой шаҳрининг Зийнат маҳалласида истиқомат қилувчи Мўминовлар хонадонига борган вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов 22 ёшли Муштарийбонуга ногиронлик аравачисини туҳфа қилган бўлса, Қўқон шаҳар бош имом-хатиби Абдумажид домла Исақов бошчилигилидаги имомлар ногиронлиги бўлган аёллар учун мўжалланган “Қудаш мурувват уйи” тарбияланувчилари ва ходимлари учун эҳсон дастурхони ёздилар.

Шуни таъкидлаш ўринлики, бу каби хайрия тадбирлари замирида кўнгли ўксик кишилар қалбидаги кемтикка оз бўлса-да хурсандчилик киритиш мақсад қилинган. Хайрия тадбирлари жойларда давом этмоқда.

Fargonaziyo.uz сайти таҳририяти

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close