Имом-хатиблар ва отинойилар бўлажак келин-куёвлар билан учрашув ўтказмоқда

«Мустаҳкам оила – юрт таянчи!» Бугун имом-хатиблар шу мақсадда талайгина ишларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ҳам жойларда ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорликда ёш келин-куёвлар учун ўқув-машғулотлари ўтказиб келмоқдалар.

Кеча, 7 ноябрь куни Қўштепа туманидаги ФҲДЁ биносида никоҳланувчи келин-куёвлар иштирокида навбатдаги машғулот ўтказилди. Унда туман бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Жалилов иштирок этди ҳамда «Исломда никоҳ ва оилага эътибор», «Тўй-ҳашамлардаги исрофгарчиликларга барҳам бериш» борасида суҳбат ўтказди.

– Машойихлар айтади: «Оқил киши бу фоний дунёга алоқадор орзу-ҳавасларни жиловласин, токи бу орзу-ҳаваслар уни туганмас балолар, кулфатларга дучор этмасин». Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Тўрт нарса бахтсизликдандир: кўз ёшланмаслиги, қалб қаттиқлиги, орзу-ҳавас узунлиги ва бу фоний дунёга ҳирс қўйиш», дедилар. Шундай экан, инсон яхши мақсад ва гўзал ниятлар ила яшайди. Бироқ орзу-ҳаваснинг узунлиги, мўмин кишининг орзулар ичида ўралашиб қолиши унга бахт олиб келтирмайди. Балки бахт-саодат шу кишидан йироқ бўлишига сабаб бўлади, – дея таъкидлади туман бош имом-хатиби Р.Жалилов.

Шунингдек, суҳбат асносида оилада эр ва аёлнинг вазифалари, ота-онага ҳурмат ва хизматнинг фазилати, оилада бахт-саодат ва фаровонлик ҳукмрон бўлиши учун амал қилиниши лозим бўлган динимиз кўрсатмалари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Машғулот сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олдилар.

Худди шу каби тадбир Фарғона шаҳар ФҲДЁ бўлимида ҳам бўлиб ўтди. Унда Фарғона шаҳридаги «Хўжамбердибой» масжиди имом-хатиби К.Рахимов қатнашиб, «Никоҳда тиббий кўрикнинг аҳамияти» мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда иштирок этган шаҳар отинойиси М.Тожиматова «Оилада қайнона ва келин муносабати» мавзусида тўхталар экан: «Ҳар қандай кичик бир ниҳолни ер ўтказар эканмиз, уни парвариш қилмасак, ўз вақтида унга керакли озуқаларни бермас эканмиз, у ўса олмайди. Бу келин-куёвлар ҳам шундайин ёш ниҳолдир, тоинки биз ота-оналар уларни қўллаб-қувватламас, камчилик-айбини яшириб, яхшисини эътироф этмас эканмиз – бу оила ҳам мустаҳкам бўлмайди. Шунинг учун барча ота-оналарни ёшларга бу борада ҳам таянч, ҳам ибрат бўлишга чақираман», – дея қайд этди.

Мазкур тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида ҳар ҳафта ўтказиб келинмоқда. Унда соҳа мутахассислари қатори имом-хатиблар ҳамда отинойилар ҳам мунтазам равишда қатнашиб, ёш оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида ўз тавсия ва маслаҳатларини бериб бораётганлари янги оила вакилларига самарали бўлаётгани эътироф этилмоқда.

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,

Вакиллик матбуот хизмати

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan