Имомларни фаол бўлишга чақирилди

Имом, инсонларни тўғри йўлга бошловчи ёки эзгу ишларга йўллайдиган шахсдир. Пайғамбарлар, уламолар ва солиҳ кишилар хайрли ишларнинг имоми ва пешвосидир. «Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, пешво маъносини билдиради. Шунингдек, ўзида савоб ишларни мужассам қилган инсон маъносини ҳам англатади. Демак, бир сўз билан айтганда, имом кишиларни эзгу мақсадлар сари етакловчи ва ҳидоятга йўлловчидир. Қуръони каримда айни шу маънони ифода этувчи бир қанча оятлар бор. Жумладан,

«Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Робби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан», деди…»(Бақара, 124).

Оят мазмунидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, имомлик вазифаси юқори мартабадир. Иброҳим (алайҳиссалом) кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомлик вазифасини ато этган. Бундан ҳар қандай кишига имом деб эргашиб бўлмаслиги ҳам маълум бўлади. У катта синовлардан ўтган, етук салоҳият ва иқтидор соҳиби каби улуғ фазилатларга эга солиҳ киши бўлиши лозим. Имомнинг масъулияти ва вазифаси ҳам оғир бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жамиятимизда «имом» ва «имомлик» тушунчалари кўп қўлланилади. Уларни айнан инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифда белгилаб берилган кўрсатмаларга оғишмай амал қилишга чорловчи, хайрли ишларга ундовчи ва юртда кечаётган ислоҳотларни онгли тушинувчи киши маъноларида ишлатамиз. Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда, имомлик нафақат диний, балки дунёвий, ижтимоий мазмунга ҳам эга эканини эътибордан чиқармаслик керак. Ҳақиқатан ҳам, «имом» сўзи ижтимоий жараённинг бориши ва йўналишига ҳисса қўшувчи, халқ пешвоси деган маънони билдиради.

Қўштепа туманида фаолият кўрсатаётган масжид ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда айни шу масалалар ҳақида сўз борди.

Учрашувга ташриф буюрган вилоят бош имом-хатиби Т.Эрбўтаев ўз маърузасида Ислом тинчлик дини, Ислом  терроризмни қоралайди, миллий тарбиянинг шарқона хусусияти, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, дунё ҳамжамиятидаги воқеъликлар, дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган бузғунчилик ва хунрезликлар Исломдан эмаслиги кенг таъкидлади.

Шунингдек, диний мутаассиблик, ақидапарастларнинг пуч даъволарига раддиялар, улар томонидан динни ниқоб қилиб олиб, динимиз таълимотларини нотўғри талқин қилишлари, Ислом дини фақат тинчлик ва эзгуликка, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенгликка чорловчи дин эканлигини халққа, жамиятга кенг ёйишдан иборат эканлиги, хусусан, муборак мавлид ойида халққа тушинтириш ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги яна бир бор қайд этилди.

Вакиллик матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Leave a Comment