Халқаро Ислом фиқҳи академияси бу галги сессияда қандай масалаларни муҳокама қилади?

Саудия Арабистонида Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессияси давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати ёзмоқда. 

Хабарда келтирилишича, Мадина Ислом университети ректори, доктор Ҳатим бин Ҳасан Марзуқий сессия давомида 46 давлатдан келган уламолар, олимлар, фақиҳлар ва академиклар қатнашиши, унда 50 дан ортиқ илмий тадқиқот ишлари мунозара қилиниши, 16 та илмий мажлислар ўтказилишини айтиб ўтди. Шунингдек, сессияда молиявий банкротлик, банкдаги имтиёзлар, шифокорлар масъулияти, савдода адолатли бўлиш, муомалада ўлчов бирликлари, даволаниш туфайли рўзани очиш, оталик ҳаққи ва ёш қизларни эрта турмушга беришнинг олдини олиш, оила бошлиғининг мазкур масалани таъқиқлашда раҳбарлик қилиши, даволаниш соҳасида туғма нуқсонлар ҳамда экстремизм ва терроризм ибораларининг амалий ва мафкуравий кўринишлари каби мавзуларга алоҳида тўхталиб ўтилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 октябрь куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23 сессияси бошланган бўлиб, анжуман 31 октябрь санасига қадар давом  этади. Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессиясида мамлакатимиздан Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари иштирок этмоқда.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan