Ислом илм-фан ва техника ривожига тўсқинлик қилганми?

Кўпинча нохолис Ғарб тарихчилари, ҳаттоки айрим замондош зиёлиларимиз Ислом динини илм-фан, техника ривожига бепарво бўлганликда, гоҳо тўсқинлик қилганликда айблашга ўрганиб қолишган. Баъзилар ҳатто мусулмонларнинг бугунги кунда техника тараққиётидан орқада қолганининг бош сабабларини ана шунга тўнкашга уринишади.

Аслида шундай бўлганмиди? Тарихга холис назар, тоза виждон билан ёндошадиган ҳар бир инсофли киши бу даъволарда ҳақиқат йўқлигини осонгина тушуниб олади. Сабаби Ислом – илм дини, Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилинган илк ваҳий Аллоҳнинг «Ўқи!» деган фармони илоҳийяси билан бошланган. “Илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маънолар билан келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бешикдан қабрагача илм излашни, Чин каби олис ўлкада бўлса ҳам, бориб илм ўрганишни муслим ва муслимага шарт қилиб қўйдилар. Ўрта асрлар эса исломий илм-фан, техника энг гуллаб-яшнаган, ўзига хос Уйғониш даври бўлган. Бунга холис тарих шоҳидлик бериб турибди.

Биргина XVI—XVII асрларда Ислом оламида илмнинг турли соҳаларида 86000 уламо фаолият кўрсатган. Мусулмон дунёсида матбаачилик айрим иқтисодий сабабларга кўра, Ғарбдан юз йил ортда қолганига қарамай, Ислом ўлкаларидаги кутубхоналарда юз минглаб жилд гўзал ва нодир китоблар бўлган. Ваҳоланки, ўша пайтда Оврўпа қироллик кутубхонасида 100 жилд китоб бор эди, холос.

Ҳаттоки, жуда кўп Ғарб тарихчиларининг ўзлари ҳам Оврўпа илм-фанни, адабиётни асосан Ислом ҳазорасидан ўрганганини тан олиб ёзишади ва ўша пайтнинг даҳо

уламоларига миннатдорчилик изҳор этишади. Ислом олимларининг Аллоҳ берган иқтидори, илм-фан соҳасидаги кашфиётлари ҳақиқатан ҳам дунё ҳавас қилгулик, ҳайратда қолгулик даражада эди.

Мовароуннаҳр диёридан чиққан Мусо Муҳаммад ал- Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби олимларнинг номлари Ислом ҳазорасидан ташқарига чиқиб, Оврўпа илм-фанида ҳам ўчмас из қолдирди. Масалан, Ал-Хоразмий алгебра фанига асос солди, «алгебра» истилоҳи унинг “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб АЛ-ЖАБР ал-муқобала» рисоласидан олинган. Олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг “Зиж»и Оврўпада ҳам, Шарқда ҳам фалакшунослик (астрономия) ривожланишига катта туртки бўлди. Алломанинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда севилиялик Иоанн томонидан қайта ишланиб, шу асосда дарслик ёзилган. Алгебрага доир яна бир рисоласи ҳам 1145 йили Севилияда Роберт Честер томонидан лотинчага таржима қилинган. Ғарб олими Ж.Сартон ўзбек олимини «ўз даврининг энг буюк математиги ва агар барча шарт-шароитлар назарга олинса, даврларнинг ҳам энг буюкларидан бири», деб атаган.
Давоми бор…

«Ислом ҳазораси» китобидан

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan