Ислом мутаассибликни қоралайди

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган бағрикенг, мўътадил диндир. Ислом фақат диний аҳкомлардан иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи ҳамда камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир. Аммо, исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч келиши табий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.

Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари бўлган  Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда динда чуқур кетишдан қайтарилган.

Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетиш нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?

Мутаассиблик – унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик, инкор қилиш, ҳамиша ўзини ҳақ деб билишликдир. Ҳозирги вақтда бу “фанатизм” ҳам дейилади. Мутаассиб (фанат) киши  кўр-кўрона хоҳ тўғри, хох нотўғри бўлсин, ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзини фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини эса ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз фикрини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.

Динда ғулув кетиш – “динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўл деб нотўғри йўлга бурилиш” маъноларини англатади.

Оиша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунинг далилидир: “Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ (с.а.в.) уйга кириб келиб: “Бу аёл ким”, деб сўрадилар. “Бу – ўша, кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл”, дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг қанақа намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик.  Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етганича адо этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ ўзингизга малол келиб қолмасин!”” дедилар.

Ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир инсонга динда чуқур кетиб, ёхуд мутаассибона бирорта фарз қилинмаган амални ўзига вожиб қилиб олиб, сўнг бажара олмайдиган ҳолатга тушиб қолгандан кўра динда ўртачалик, яъни васатийлик йўлини танлаб солиҳ амалларда мудом бўлиши авлороқ ва яхшироқ экан. Пайғамбаримиз (с.а.в.) мазкур ҳадисларида динда чуқур кетишнинг оқибати яхши бўлмаслигини маълум қилиб, ибодатга оид амаллардан тоқати етадиганини қилишга буюрдилар.

Аслида Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган навқирон ва муқаддас динимиз – Ислом динининг асосини ташкил қилган амаллар бандаларнинг тоқатидан келиб чиққан ҳолда фарз қилинган, яъни мўътадиллик ва бағрикенгликка асослангандир.

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир…”

Мазкур оятда Аллоҳ таоло инсонларни ибодатдан қурби етмайдиган нарсага буюрмаганлигини хабар қилмоқда.

Чунки, динда чуқур кетиш ва аҳкомларда мутаассибона амалда бўлиш тўғри йўлдан адашиш ва ҳалокатнинг асосий омилидир. Ғулув сабабли турли бидъат, хурофотлар пайдо бўлади.

Жуладан, Ислом динини ўз қобиғига мослашга, ёҳуд унга “фундаментализм”, “терроризм” каби ножоиз ибораларни ёпиштиришга ҳаракат қилаётганлар Ислом дининг асл моҳиятини нотўғри талқин қилаётган кишилардир.

Ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, жумладан кишининг ибодат сабабли ўз жисмига зулм қилиши ҳам, эътиқод ва ибодатда мутаассибона йўлни танлаб динда чуқур кетиш ҳам, жиноятларнинг ҳaр қaндaй ҳолати ва кўринишлари ҳам, гарчи у Ислом дини номидан содир бўлаётган бўлсада, Ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо қaрaмa-қaршидир. Мусулмoн киши бoшқa oдaмлaрни шариатда буюрилмаган ишларга буюрмасликка ҳамда ёмон ишларни қилишдан қaйтaришгa мaсъул, ўзи ҳам жинoят саналган амалларни сoдир этиши мумкин эмaс. Ҳaр бир иймoн-эътиқодли инсонннинг бурчи ер юзида фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириб, бузғунчилик ва фасод ишларга қарши курашмоғи лозим.

Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в.) динда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида шундай кўрсатма берадилар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабодо қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди…”, яъни фарз қилинган ибодатлардан ташқари ибодатларни ва солиҳ амалларни ҳаддан зиёд ўз зиммасига юклаб олиши натижасида уларни бажара олмай ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) динда, эътиқодда қай даражада бўлиш зарурлигини  кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”, дедилар. Сарвари  олам пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. шундай деб турганларида бошқа йўлга не ҳожат? Зеро Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк қилмаганларингиз ҳамда инсонларга юк бўлмаганларингиздир”, деган муборак ҳадислари билан мусулмон кишини қандай умргузаронлик қилишини ҳам белгилаб берганлар.

Юқорида келтирилган оят ва ҳадисларни тўғри қабул қилиб, ҳар бир мусулмон диндаги эътиқодини холислик билан танласа, бунинг оқибати чиройли бўлади ва албатта бу жамиятда ҳам ўз самарасини намоён қилади. Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятга мушарраф этиб, тўғри йўлдан адаштирмасин!

Одилжон МИРЗАЕВ,
Ёзёвон тумани «Баҳовуддин Нақшбанд» масжиди имомхатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan