ДолзарбЖаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Ислом террорни қоралайди

“Террор” атамаси юнонча “terror” сўзидан олинган бўлиб, даҳшат, қўрқув деган маъноларини англатади.  Ушбу атамани илк бор Аристотель қўллаган. Терроризм деганда, ўзининг муайян  мақсадларига эришишда ҳеч бир нарсадан тап тортмай зўравонлик билан ҳукмронликни кўзловчи сиёсий кураш усули тушунилади. Террористларнинг қуроли усуллар ва фитнадан кенг фойдаланиши эса терроризмнинг экстремистик ҳолатини яққол намоён этади. Турли этник ва диний зиддиятлар, қашшоқлик ва мамлакатда юзага келадиган мафкуравий бўшлиқ каби омиллар террорчиликни келтириб чиқариш мумкин.Дин ниқобидаги терроризмҳозирги замон терроризмининг кенг тарқалган кўринишларидан бири бўлиб, у ёки бу диний ақийдалардан фойдаланган холда муайян сиёсий мақсадларни кўзлайди. Одамлар онгига таъсир этишни диний ақийда ва қадриятлар негизида амалга оширишни истовчи диний-террористик гуруҳлар ҳокимият учун курашиш, миллатлараро жанжаллар ва ҳар хил сиёсий можароларни келтириб чиқаришда диндан сиёсий қурол сифатида фойдаланишга ҳаракат қиладилар.

Маълумки, милоднинг VII асрида ислом дини доирасида юзага келган биринчи диний-сиёсий экстремистик ҳаракат ҳисобланадиган хорижийлар “Хулафои рошидийн”лардан Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмонга нисбатан суиқасд уюштирдилар. Улар умавийлар ҳукмронлиги даврида катта сиёсий кучга айланиб, мамлакатда доимий фитна ва беқарорлик уруғини сочганлар. VIII асрнинг иккинчи ярмида Ироқ, Баҳрайн, Яман, Сурия, Миср ва Хуросон ҳудудида террорчилик ҳаракатлари содир этган қарматийлар ҳам диний-сиёсий экстремистик оқим саналган. Қарматийлар шиа мазҳабидаги исмоилийларнинг асосий шахобчаларидан бири бўлиб, VIII аср ўрталарида Ироқда вужудга келган. Улар ислом қонун-қоидаларига итоат этмаганлар, ҳатто Каъбани зиёрат қилишни бидъат деб ҳисоблаганлар. 899 йили Баҳрайнни босиб олиб, Шарқий Арабистонда ўз давлатларини тузганлар. 930 йили ҳаж вақтида Маккага бостириб кириб, шаҳарни талон-тарож қилишган, бир неча минг ҳожиларни ва Макка аҳолисини қатл этиб, кўпчилик мусулмонларни асрга олганлар.

Кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна соладиган террорнинг барча кўринишлари бузғунчи-фасод ишлардан саналади. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 205-оятидаги “Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди” деган оят тушунчаси  исломнинг террорга бўлган ўта салбий муносабатини белгилайди. Мутаассиблик, экстремизм ва террорчилик одатда бегуноҳ одамларнинг қонини тўкилишига олиб келади. Қуръони каримда эса бундай бундай ҳолатлар “Бирор жонни ўлдирган ёки ерда (бузғунчилик ва  қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам  худди ҳамма  одамларни ўлдирган кабидир”  (Моида, 32)  дея қатъий қораланган.

Имом Бухорий ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз “Мусулмон киши шуки, унинг тилидан ва қўлидан  мусулмонлар озор чекмайдилар”, – дея марҳамат қилганлар. Бу ҳадисда тилдан етадиган озор қўлдан етадиган озордан аввал зикр  қилинмоқда. Чунки қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси-саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказилса, тил билан инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш орқали тўғри йўлдан оздириб, икки дунёсини барбод этиш мумкин. Бундан англашиладики, Пайғамбаримиз кишиларга  қандай шаклда бўлмасин, озор етказиш катта гуноҳ эканлигини таъкидлаганлар. Тарихий манбаларда ислом байроғи остида қароқчилик қилган гуруҳлар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган.  Бундай гуруҳлар, уларнинг раҳбарлари ва намояндалари ўз даврининг уламоларининг асарларида лаънатлаб тилга олинган. Хусусан,  ХI –ХII асрларда  яшаб  ижод этган йирик мусулмон мутафаккири Муҳаммад ал-Ғаззолий экстремистларни “диндан фойдаланган ҳолда кишиларга ҳужум қиладиган катта йўлдаги қароқчилар” деб айтган эди. Ҳозирги вақтда диний экстремизм ҳамда ҳалқаро терроризм жамият барқарорлиги, хавфсизлигига асосий таҳдид ва бош омил сифатида ўзини намоён қилаётгани ҳам мазкур тамойилнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатади.

Бугунги  кунга келиб, ислом ниқоби остидаги экстремизм ва у билан боғлиқ бўлган ҳалқаро терроризм дунёнинг кўплаб мамлакатларига алоҳида таҳдид солмоқда. ХХI-асрнинг дастлабки йиллари инсоният учун ижтимоий- иқтисодий, илм-фанда эришилган муваффақиятлар даври бўлиши билан бирга башарият ҳаёти, хавфсизлигига турли кўриниш ва мазмундаги таҳдидларнинг кучайиб бориши билан тарихга кирмоқда. Терроризм муайян гуруҳ манфаатлари йўлида зўравонлик (суиқасд, портлатиш, гаровга олиш, беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима, қўрқув уйғотиш ва ҳ.к.) ишлатишни англатади. Террорчилик ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга қарши ишлатадиган энг оғир ва вахшиёна жиноятдир. Терроризм дин ва милллат, элат ва чегара танламайди. Энг ваҳший маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар бу қабиҳ ишга қўл урадилар. Бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига ислом мутлақоқарши эканини билишниниг ўзи бу илоҳий диннинг террорга қанчалар қарши эканини очиқ ойдин кўрсатиб беради. Мусулмон дунёсидаги дастлабки террорчи гуруҳ сифатида “Хорижийлар”ни эътироф этиш мумкин.

657 йили халифа Али ибн Абу Толибга бўйсунишдан бош тортиб ажралиб чиққан ушбу гуруҳ “катта гуноҳ” (кабира)қилганлар иймондан чиқади ва уларга қарши уруш (жиҳод) олиб бориш керак деб эълон қилган. Хорижийлар ўзларига эргашмаган мусулмонларни “иймонсиз” ва “кофир”га чиқариб, “Ислом софлигини” сақлаш шиори остида кўплаб бегуноҳ болалар, аёллар ва қарияларнинг умрига зомин бўлган. Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки, жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана шу жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур”, дедилар. Ушбу ҳадисда ғайридин бўлса ҳам, инсоннинг жони исломда қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди. Ислом дини зўравонлик ва босим ўтказишнинг ҳар қандай шаклларини тақиқлайди. Кишилар ва халқлар ўртасидаги эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб этади. Аллоҳ таоло юртимизни доимо Ўз хифзу ҳимоясида асраб, тинчлик ва хотиржамликни барқарор қилсин.

А.Наимов,
Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close