“Иймон либоси”га ким муносиб?

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: Фаҳш – маълум бўлган бузуқликлар. Ибн Саййидий роҳимаҳуллоҳ эса: сўз ва феълдаги қабиҳликлардир, деган.

Истилоҳга кўра, Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ: гуноҳ ва маъсиятлардан иборат бузуқлиги кучли бўлган ҳар бир нарсалардир, деган.

Аллоҳ таоло инсонларни очиқ ва махфий бўлган фаҳш ишлардан қайтариб шундай дейди:

وَلَا تَقْرَبُوا الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ

“…фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз…”  (Анъом сураси, 151 оят).

Абулфарож Абдураҳмон ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу оятдаги фаҳш ишлар ҳақида беш хил фикр бор:

– Фаҳшдан мурод зино, очиқ-зоҳиридан мурод зинони ҳамма маълум бўлган ҳолати, махфийдан мурод эса уни пинҳона ҳолда қилиш, дейилган. Буни Ибн Аббос ва Ҳасан розияллоҳу анҳу айтганлар.

– Саъид ибн Жубайр ва Мужоҳид роҳимаҳуллоҳлар: зоҳир фаҳш – бу ҳамр (сармаст қилувчи нарсалар) ва ҳаром қилинган никоҳ, ботиний фаҳш эса зино, деганлар.

– Имом Заҳҳок роҳимаҳуллоҳ: зоҳирийси – хамр, ботинийси – зино, деган.

– Қатода роҳимаҳуллоҳ: зоҳирийси – барча бузуқликларни очиқ-ойдин қилиш, ботинийси – махфий қилиш, деган.

– Имом Мавардий роҳимаҳуллоҳ: зоҳирийси – аъзолар билан қилинган бузуқликлар, ботинийси – қалб билан қилингани, деган”.

Имом Бағавий роҳимаҳуллоҳ: “Зоҳир фаҳш бузуқликни очиқ қилиш, ботиний фаҳш сир ҳолатда қилиш” деганлар.

Жоҳилият даврида инсонларга маълум бўлган ҳолдаги зинони ёмон кўришиб, махфий ҳолда бўлган зинода зарар йўқ деб билишган. Лекин Аллоҳ таоло зинонинг ошкорасини ҳам, пинҳонасини ҳам ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло юқоридаги оятларида катта гуноҳ, бузуқликларни қилмасликка, у ишлар ҳаром эканлигини айтади.

الَّذِينَ يَجْتَنِبُونَ كَبَائِرَ الْإِثْمِ وَالْفَوَاحِشَ إِلَّا اللَّمَمَ إِنَّ رَبَّكَ وَاسِعُ الْمَغْفِرَةِ هُوَ أَعْلَمُ بِكُمْ إِذْ أَنشَأَكُمْ مِنْ الْأَرْضِ وَإِذْ أَنْتُمْ أَجِنَّةٌ فِي بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ فَلَا تُزَكُّوا أَنفُسَكُمْ
هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ اتَّقَى

“Улар (жаннат аҳли) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ юрадиган зотлардир. Албатта, Раббингиз мағфирати кенг зотдир. У (Одамни) Ердан (тупроқдан) пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингиз қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ сизларни яхши билувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни оқламай қўя қолинглар! У тақводор кишиларни яхши билувчидир” (Нажм сураси, 32 оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло жаннатий инсонлар қандай сифатга эга эканлиги, кичик гуноҳларни хатоан қилиб қўйишлигини айтади. Яна Аллоҳ бандаларини қандай ҳолатидан бошлаб билишини, гуноҳ қилганларидан сўнг ўзларини оқлаш бефойда эканини ва Аллоҳга тақводор бандалар аниқ маълум экани ҳам баён қилади.

Аллоҳ таоло гуноҳ, қабиҳ ишларни қилганлар учун азоб борлиги билан огоҳлантириб айтади:

وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَامًا (68) يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَانًا

“Улар Аллоҳ билан бирга бошқа «илоҳ»га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни қилса, гуноҳ (уқубат)га учрар. Қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур” (Фурқон сураси, 68-69 оятлар).

Одамлар ўртасида фитна чиқариш, тинч жамиятни пароканда қилиш, одамлар қонини тўкиш, рибо, ароқхўрлик, зино, ўғрилик, ота-онага ёмон муомала, оиласига зулм, етимни ҳафа қилиш, бировларни ҳақини ейиш, қимор, алдов, тарозидан уриш ва бошқа шу каби Ислом шариати қайтарган ишлар фаҳш амаллардир, дейди уламолар.

Юқорида инсониятни қайтарилаётган амалларни барчасига ўлим келмасидан олдин чин тавба қилинмаса, Аллоҳнинг бу гуноҳи кабира эгаларига жаҳаннамдаги азоби қаттиқ бўлади. “Нур” сурасидаги қуйидаги оятда ҳам фаҳш ишлар учун албатта аламли азоб муқаррар эканлигини англатади:

يَوْمَ تَشْهَدُ عَلَيْهِمْ أَلْسِنَتُهُمْ وَأَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ – 24

“У кунда (яъни қиёматда) қилиб ўтган амаллари сабабли уларнинг тиллари ҳам қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берар”.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Кабоир” номли асарида келтиради: “Ривоят қилишларича, кимки ўзига ҳалол бўлмаган аёлни шаҳват билан ушласа, қиёмат кунида қўли бўйнига боғланган ҳолда келади. Агар ўпса, лаблари оловда қирқилади. Борди-ю зино қилса, қиёмат кунида сонлари тилга киради-да, унинг зарарига гувоҳлик беради: «Мен ҳаромга миндим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга ғазаб кўзи билан қарайди. Бу қарашдан баданидаги гўштлар эриб тушади. У саркашлик қилиб: «Мен бу ишни қилмаганман», дейди. Унга қарши тили гувоҳлик бериб: «Мен ҳалол бўлмаган сўзларни сўзлаганман», дейди. Қўллари: «Мен ҳаромни ушлаганман», деса, кўзлари: «Мен ҳаромга назар ташлаганман», дейди. Оёқлари: «Мен ҳалол бўлмаган ишга юриб борганман», дейди ва  фаржи: «Мен қилганман», дейди. Елкасидаги фаришталардан бири: «Мен эшитганман» деса, иккинчиси: «Мен ёзганман», дейди. Аллоҳ таоло: «Мен билиб, уни яширганман», дейди. Сўнгра фаришталарга: «Уни ушланглар ва азобимдан тоттиринглар. Дарҳақиқат, беҳаё кимсага ғазабим кучайди» деб буюради”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Иймон бир либосдирки, уни хоҳлаган кишисига кийдиради. Агар банда зино қилса, ундан либос ечиб олинади. Бордию у тавба қилса, унга (иймон либоси) қайтарилади” (Абу Довуд ва имом Термизий ривоятлари).

Мусулмон одам Аллоҳ табарока ва таоло наҳий қилганидек, фаҳш ишларга у зиноми, хамр ичишликми, қўл билан қилинадими, кўз, қалб билан бўладими, очиқ ёҳуд ботин – яширин бўладими, буларнинг барча-барчасидан тақво қилиши зарур бўлади.

Нодирбек НИШОНОВ,

Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжид имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan