Жабрдийдаларга меҳр улашиш энг савобли иш

10 октябрь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари уруш қилган ҳудудлардан «Меҳр-2» деб аталган операция доирасида 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келинди. Болаларнинг 35 нафари ўғил, 29 нафари эса қиз. Улар орасида 16 нафар 3 ёшгача ва 2 нафар ота-онасидан айрилган болалар ҳам бор.

Ҳеч кимга сир эмас, неча йилдан бери Яқин Шарқда бўлаётган уруш жараёнларига бузғунчи кимсаларнинг сохта даъватига алданиб қолган айрим фуқароларимиз ҳам бўлган. Аммо ота-онасининг нотўғри хатти-ҳаракатларининг жабрини кўраётган норасида болаларнинг ҳам борлиги инсон қалбини ларзага солади.
Уларнинг ичида 1 ёшгача бўлган 1 та, 3 ёшгача бўлган 14 та, 7 ёшгача бўлган 23 та, 12 ёшгача бўлган 21 та, 12 ёшдан юқори 4 та бола бор экан. Уларнинг мурғак қалблари қанча озор чекмади, дейсиз. Онасини соғиниб, ўксиниб, хўрсиниб мунгли кўзларидан қанча кўз ёш оқмади дейсиз, ахир уларнинг айби нима, улар нокас ота-онасининг касрига қолишмадими?!

Шу ўринда, муҳтарам Президентимизнинг топшириғига кўра, мутасадди ташкилотлар Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда ушбу хайрли ишни амалга оширишганини алоҳида қайд этиш керак.

Оғир ҳаётий даврларни бошидан ўтказиб, Ватанга қайтган мурғак болаларга махсус соғломлаштириш марказига жойлаштирилиб уларга барча ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ота-онасининг босган нотўғри қадами оқибатида катта қийинчиликларни бошидан ўтказган маъсум болаларга ҳукумат томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, таълим ва тарбияси учун зарур шароит яратилгани ҳақиқий олибжаноблик бўлди.

Халқимиз табиатан самимий ва тийнати пок элдир. Ўзбекистон давлати, меҳр-оқибатли халқимиз ҳар қандай ҳолатда ҳам фарзандларини ўз ҳимоясига олиб, қўлидан тутиб қолишга қодир. Яъни, давлатимиз қуролли тўқнашувлар давом этаётган ҳудудларга жоҳил ота-она туфайли бориб қолган бегуноҳ болаларни бундай қийин вазиятларга ёлғиз ташлаб қўймайди.

Зеро, Ислом динимизда ҳам ёш болаларга меҳр-оқибат кўрсатишга тарғиб этилган. Ҳазрати Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганлар: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Шунингдек, жабру ситам кўрган инсонларга мамнунлик бахш этиш ҳам савобли амал экани таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар. Демакки, бундай ёш болаларни оловли минтақалардан халос этиб, уларнинг вайрон бўлган кўнгилларини шод этиб, дилларига хурсандчилик улашиш дини мубинимиз нуқтаи назаридан энг савоби улуғ амаллардан эканига шубҳа йўқ.

Буюк мутафаккир боболаримиз айтганидек:

Бир ғариб кўнгилни қила олсанг шод,
Яхшидир ер юзинқилгандан обод.

Бундай инсонпарварлик ишларидан она-Ватани бағрига етиб келган ёш болалар ҳам элимиз ҳам ғоят мамнун. Зеро, меҳр-мурувват, бағрикенглик бўлган юртнинг ҳаёти файзли, келажаги нурафшон бўлади.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan