Жаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Жаҳолатга қарши маърифат – динимиз шиори

Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб – ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!

Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.

Маълумки, динимиз – илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Илм излаш – ҳар бир мусулмонга фарздир (Имом Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадиси шарифни пухта ўрганган уламоларимиз ундан қуйидагиларни чиқарганлар:

Илм икки қисмга бўлинади: Фарзи аъйн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, ўз соҳасининг илмини пухта ўрганиши фарзи айндир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарзи айн бўлади. Масалан, намоз ибодати ичида фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳаром ва макруҳ амаллари бор. Мана шу амалларни бир-биридан ажрата оладиган киши намозни тўғри адо қилади. Акс ҳолда намоз ўқиш асносида камчиликка йўл қўйиши мумкин.

Шунингдек, киши савдогар бўлса, унга қачон олди-соттиси шариатга мувофиқ бўлади ва қачон мувофиқ бўлмайди каби савдо-сотиққа тегишли илмларни билиши фарз бўлади. Агар киши зиммасидаги фарзи айн бўлган илмларни ўрганмаса бажараётган иши ёки адо этаётган ибодати тўғри бўлмай, хатога йўл қўяди. Натижада гуноҳкор бўлади.

Фарзи кифоя. Мусулмонлар жамиятининг эҳтиёжи учун зарур бўлган илм – фарзи кифоядир. Мусулмонларнинг бир қисми уни ўрганиши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўрганмаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади.

Уламоларнинг фикрларича, жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият одамларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби – ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт.

Киши жаҳолатдан қутилиш мақсадида илм талаб қилиши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак.

Илмсизлик ва жаҳолат – жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун – катта офатдир. Ислом дини илм-марифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрликнинг авжига чиқиши, будпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган кишиларни илму маърифат билан бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишларига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ва устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш – бизларнинг фахру ифтихоримиз саналадилар.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.

Азимхон ОРИФХЎЖАЕВ,
Қўштепа тумани
“Муборак” масжиди имомноиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close