Жамоат – раҳмат, тафриқа – кулфат

2017 йил 15 июнь куни президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги йиғилишда, президентимиз мамлакатда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли таҳдидлардан асраш, бунинг учун ҳудудда истиқомат қилувчи диний экстремистик оқим вакилларига имом-хатиблар ҳамда жамоатчилик вакилларини бириктириш ва улар фаолиятини назоратга олиш, диний экстремистик оқим аъзоларини соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб:

“Турли ёт оқимларга қўшилиб, улар тарафида бўлиш Ўзбекистон фуқаросига умуман тўғри келмайди. Халқимиз орасида соғлом муҳит бўлиши кимдан сўралади? Албатта имом-хатиблардан. Сизлар инсонлар миясида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлмаслигига ҳаракат қилишингиз зарур. Бир ёш йигитнинг йўлдан адашиши нафақат битта оиланинг, балки бутун юртнинг кулфатидир. Маҳаллалардаги диний экстремистик оқимга қўшилиб қолган ёшларни бу йўлдан қайтариш имом-хатиблар вазифасидир” деган эдилар муҳтарам юртбошимиз.

Ёлғон ғояларга алданганларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик уларни маънавий ҳаётга қайтариш – “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” зарурлиги уқтирилган эди. Президентимиз мутафаккир Абдулла Авлонийнинг: “Олийжаноб кишилар узрни қабул қилур” деган сўзларини ёдга олиб, ёт оқимга адашиб қолганлар ўз хатосини тушунса, кечирилиши ва уларнинг соғлом фикрловчи жамиятга қўшилиши йўлида имом-хатиб ва жамоатчиликни шижоат билан меҳнат қилиш кераклигига алоҳида тўхталиб, ёт оқимга қўшилиб, бу йўлдан қайтмаслиги аниқ бўлган кимсалар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилиши айтилган эди. Имом-хатиблар ва жамоатчилик вакилларига жазони ўташ жойларига бориб иш ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилнинг 5 окябрь куни Ўзбекистон Ўзбекистон туманида ташкил этилган тадбир шу мавзуга бағишланди. Унда туман Ички ишлар бўлими, Хотин-қизлар қўмитаси, Нуроний жамғармаси мутасаддилари ва тумани бош имом-хатиби Адҳамжон Юлдашев иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда маҳалла фаоллари бир қаторда махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар ҳам қатнашар экан, Аллоҳ таоло инсонларга берган улуғ неъматлардан бири тинчликни қадрига етиб, юртимиз равнақи ва муқаддас динимиз софлигини асраш йўлида барчамиз бир тану жон бўлиб, маърифат ва садоқат ила хизмат қилишга чақирилди.

Зеро, Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳ берган неъматни гапириш ҳам шукрдир, гапирмаслик куфрдир. Жамоат-раҳмат, тафриқа эса кулфатдир”.

Давронбек Норматов,

Ўзбекистон тумани “Оқ тепа” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan