ДолзарбРамазонСавол-жавоб

Карантин даврида Рамазон ҳайити намози қандай ўқилади?

ЎзА мухбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ билан шу ҳақда суҳбатлашди. Суҳбат асносида мухбир муборак Рамазон ойининг қачон бошланиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб олди.

– Карантин даврида Рамазон ҳайити намози қандай ўқилади?

– Карантин пайтида Рамазон ҳайитини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлади. Уни уйда жамоат бўлиб ҳам, ёлғиз ҳолда ҳам адо қилинмайди. Чунки Рамазон ҳайитининг адо қилиниш ва дуруст бўлиш шартлари жума намозининг шартлари кабидир. Карантин пайтида жума намозини адо қилиш шартлари топилмайди.

Маълумки, вирусли касалликлар эпидемияси сабабли карантин эълон қилинса, мўмин-мусулмонларнинг жонини саломат сақлаш учун динимиздаги жамоавий ибодатларнинг ҳукми ўзгаради. Яъни, жамоат бўлиб ибодат қилиш касаллик тарқалишига шароит яратгани учун, ҳар бир мусулмон ўз уйида оила аъзолари билан ибодатларни адо қилади. Яқинлашиб келаётган Рамазон ойидаги Таровеҳ намози суннат намозларидан бўлгани сабабли, уни ҳам уйда адо қилинади.

Жамоавий ибодатлар ичида жума намози адо қилишнинг ўзига хос ҳукмлари бўлиб, уни уйда ўқишнинг иложи йўқ. Шунинг учун жума намози ўрнига одатдагидек пешин намози ўқилади. Икки ийд намознинг адо қилиниш ва дуруст бўлиш шартлари ҳам худди жума намозиники кабидир.

Карантин ҳолатида ийд намози ўқилмасада, ҳайит кунлари қилинадиган бошқа савобли амаллар бор. Ийди Рамазон кечаси ҳам муборак кечалардан ҳисобланади. Бу кечани ибодат, зикру тасбеҳ билан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Ийд куни покланиш, хушбўйланиш, янги тоза кийимларни кийиш, энг асосийси хурсандчилигини изҳор қилиш суннатдир. Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин Зуҳо, Чоштгоҳ каби нафл намозларни адо қилиб, Аллоҳ таолодан офият ва ҳожатларини сўраш чиройли амаллардан.

Ҳозирги шароитда барчамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийин шароитда қолганларга хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтириш, айни муддао. Бошимизга келган синовни ҳам савоб ишлаш учун ғанимат фурсатга айлантирайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса. Аллоҳ таоло дунё халқлари, жумладан, халқимиздан ушбу бало-офатларни узоқ қилсин! Омин!

ЎзА мухбири
Назокат УСМОНОВА суҳбатлашди

Калит сўзлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close