Кечиримлик – бу солиҳлар йўли!

Баъзи инсонлар кечиримли бўлишлик бу – заифлик ва ожизлик белгиси деб ўйлайдилар. Улар билмайдиларки, бу сифатлар хақиқий мард ва комил инсонлардагина топилади. Аллоҳ таоло кечиримли бўлиш ва авф қилиш сифатларига эга бандаларни мақтаган ва уларни яхши кўради.

Аллоҳ таоло бундай дейди: “Улар енгилликда хам, оғирликда хам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир” (Оли-имрон, 134-оят).

Шунингдек, Абу Бакр (р.а.)дан келтирилган ривоятда пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло нидо қилгувчига буюради ва у айтади: Кимни Аллоҳнинг ҳузурида хаққи бўлса турсин” дейди. Шунда кечиримли инсонлар турадилар. Улар инсонларни кечирганликлари учун Аллоҳ таоло уларни мукофотлайди” дедилар.

Жафар Содиқ айтганларки: Бир марта жазолаганимдан кўра, йигирма марта кечириб афсус чекканим яхшироқдир. Кечиримлилик инсоннинг улуғ сифатларидан биридир. Бошқаларнинг душманлиги ва озорларига сабр қилиб, қасос олмасдан, кечириб юбориш бу жуда катта нарса. Чунки бир кун инсоннинг ўзидан шундай хато содир бўлса, бошқалар ҳам уни кечиришлари мумкин.

Кундалик турмушимизда баъзида кишилар билан муаммо ва зиддиятларга дуч келамиз, шу пайтда бирор киши келишмовчиликни олдини олиб, ислоҳ йўлини танласа яхши, акси бўлиби икккала томон ҳам ўзини ҳақ билиб тортиша верса оқибат яхшиликка олиб келмайди. Ойлаб, йиллаб аразлаб юришаверади, бориб кечирим сўраш ҳақида эса ўйлаб ҳам кўришмайди.

Муқаддас динимиз таълимотларида икки кишининг уч кундан ортиқ аразлашиб юриши гуноҳ эканлиги, ўзи ҳақ шериги ноҳақ бўлса-да, биринчи бўлиб кечирим сўраб ўртани ислоҳ қилган инсонга улкан ажр берилишини унитиб қўямиз баъзида.
Авф бу содир этилган гуноҳини ўз вақтида тан олган ва ундан вақт ўтказмай тавба қилган мўмин кишидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”.

Аллоҳ таоло бундай дейди: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14-оят).

Албатта, Аллоҳ бандасининг тавбасини қабул этувчи зотдир. Шундан ўрнак олган ҳолда, инсонлар ҳам бир-бирларидан кечирим сўрашликка имкон беришлари, биродарларининг узрини қабул этишлари ва гуноҳини авф қилишлари лозим.Яна бир оятда эса, Аллоҳ таоло ёмонликка яхшилик билан жавоб беришни Ўз Расулига буюради: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлибқолур” (Фуссилат, 34-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “…ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золимларни севмас” (Шўро, 40-оят).

Азал азалдан мусулмонлар кечиримли, бағрикенг инсонлар бўлишган, бунга ўтмишда ўтган улуғларимизнинг ҳаётлари яққол мисол бўлаолади.

Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳузурига кечаси бир одам кириб, ҳамкасби хусусида баъзи сирларни гапира бошлади. У одам шикоятини тўхтатганидан кейин, халифа унга деди: “Эртага сенинг шикоятингни ўрганиб чиқамиз. Тўғри гапирган бўлсанг, уни жазога тортиш билан бирга сен ғийбатчи сифатида саксон дарра уриласан. Агар нотўғри гапирган бўлсанг, бировга туҳмат қилганинг учун саксон дарра уриласан. Агар гапингни қайтиб олсанг ва узр сўрасанг, у ҳам, сен ҳам афв этиласан”, деди.

Ривоят қилишларича, Саҳл ибн Убайдуллоҳ Тустарийнинг бошқа динга мансуб қўшниси бўлиб, унинг ҳожатхонасидан Саҳлнинг уйига ифлос-нопок нарсалар сизиб чиқар эди. Саҳл ҳар куни унинг тагига бир идиш қўйиб қўяр, мажусийнинг ҳожатхонасидан чиққан нарсалар идишга тўпланар ва кечқурун ҳеч ким кўрмайдиган жойга олиб бориб ташланар эдилар. Саҳл ҳазратлари узоқ муддат шу тахлит иш юритдилар. Вафотлари яқинлашгач, мажусий қўшнисини чорлаб: «Мана бу уйга кириб, бу ерда нима борлигини кўриб қўй», дедилар. У кириб идишга тушаётган ифлос, нопок нарсаларни кўрди ва: «Бу нима?» деб сўради. «Бу узоқ муддатдан бери ҳовлингдан мана шу уйга тушади. Уни кундузлари шу идишга тўплаб, кечалари олиб чиқариб ташлар эдим. Мабодо, ажалим яқинлашиб қолмаганида, буни сенга айтмас эдим. Бошқа бирон кишининг хулқи буни ўзига сингдира олмаслигидан қўрқдим. Энди хоҳлаганингни қил», дедилар. Шунда мажусий: «Эй шайх, мен кофир бўлсам ҳам, узоқ вақтдан бери менга шундай гўзал муносабатда бўлиб келаётган эдингизми?! Қўлингизни беринг, мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бераман», деб мусулмон бўлди. Саҳл розияллоҳу анҳу шундан сўнг вафот этдилар.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурларига уч киши ёш йигитни олиб келди. Улардан бири:

– Эй мўминларнинг амири, бу йигит отамизни ўлдирди, хун олишни истаймиз, – деди.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) йигитдан нега ўлдирганини сўради. Йигит:

– Мен туя боқувчиман. Туяларимдан бири уларнинг боғига кириб, экинларини еди. Буларнинг отаси уни тош билан уриб ўлдирди. Сўнг мен ҳам тошни олдим-да, отасига отдим. У ҳам ўлди, – деди.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ундан хун олишини айтди.

Йигит:

– Уч кун муҳлат беринг, отам яқинда вафот этди. Меросини тақсимлаб келай… – деди.

– Ким сенга кафил бўлади? – сўради мўминлар амири.

Йигит атрофдаги йиғилган одамларга назар солди.

– Мана шу киши менга кафил бўлади, – деб Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)ни кўрсатди.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):

– Эй Абу Зарр, сен бу йигитга кафил бўласанми? – деди.

– Ҳа, мўминларнинг амири, – деди Абу Зарр (розияллоҳу анҳу).

– Сен бу йигитни танимайсан. Агар қочиб кетса, хунини сендан оламиз, – деди мўминлар амири.

– Мен кафилман! – деди Абу Зарр.

Йигит кетди. Бир кун, икки кун, учинчи кун ҳам ўта бошлади. Одамлар унинг хунини Абу Заррдан олинишидан хавотирга тушишди.

Учинчи кун кечга яқин йигит ҳаллослаганича мўминлар амирининг ҳузурларига кирди.

– Елкамдаги омонатни эгаларига топширдим. Энди ихтиёрингиздаман… – деди.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳайратланиб:

– Қочиб кетиш имконинг бўла туриб нега қайтдинг? – деб сўради.

– Инсонларда вафо қолмабди, деб айтишларидан қўрқдим, – деди йигит.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):

– Бу йигитга сен нега кафил бўлдинг? – деб Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан сўради.

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу):

– Инсонларда яхшилик қолмабди деб айтишларидан қўрқдим, – деди.

Отасининг хунини олмоқчи бўлган уч киши бу сўзлардан таъсирланди ва йигитни афв этишганини айтишди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) таажжубланиб сўради:

– Нега отангизни хунидан кечдингиз?

– Инсонларда афв этиш, кечириш хислати қолмабди деб айтишларидан қўрқдик, – дейишди улар.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолога ҳамд айтдилар.

Азизлар Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли инсонлардан  бўлишимизни насиб айласин!

Азизбек МИРЗАЖОНОВ,
Олтиариқ тумани  “Ҳожи Абдуллоҳ ал-Ансорий” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan