МақолаларСийрат ва тарих

Кечиримлиликда ҳам умматни лол қолдирган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у кишининг ақл-заковатлари, илмлари, тадбиркорликлари, уддабуронликлари ва ҳар қандай вазиятда ҳам ўзларини йўқотиб қўймасликларига қойил қоламиз. У кишининг бундай фазилатлари, айниқса, Пайғамбар (с.а.в.) билан боғлиқ ишларда яна ҳам очиқ-ойдин зоҳир бўлади.

Аммо бир ҳодисада Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг ўзлари нима қилишни билмай қолганларини ўз тиллари билан иқрор бўлиб айтадилар. Ўша ҳодисада Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шарафлари масаласи ўртага қўйилган эди. Бунда Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг оилалари бир тараф эди. Шунинг учун ҳам у киши нима қилишни билмай, лол қолган эдилар.

Бу “Ифк ҳодисаси” эди. Бу ҳодиса Бани Мусталиқ жангидан қайтишда бўлиб ўтганди. Мунофиқлар бўҳтон йўли ила Оиша онамизни Сафвон ибн Муъаттал (р.а.) билан зинода айблаб, гап-сўз тарқатган эдилар. Бу Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) учун оғир мусибат эди. У киши ўз қизлари туфайли  Расулуллоҳ (с.а.в)га туҳмат бўлганлигидан ғоятда оғир ҳолатда қолган эдилар.

Оиша онамизни бу туҳматдан пок эканликларини Аллоҳ таоло ўзи “Нур” сурасида батафсил баён қилган бўлсада, ифк ҳодисаси Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг яна бир фазилатларини юзага чиқаришга сабаб бўлди. Бу Аллоҳ таолонинг розилиги учун ҳар қандай нарсага тайёр туриш фазилатидир. Абу Бакр Сиддиқ (р.а) ўзларининг бундай тайёргарликларини Мистоҳ ибн Асоса (р.а.)га бўлган муносабатларида кўрсатдилар.

Авваллари у киши Мистоҳ ибн Асосага қариндош бўлган ва фақирлиги учун нафақа бериб турардилар. Ифк ҳодисаси бўлганда Оиша онамиз ҳақида ножўя гаплар айтган оз сонли кишилар орасида Мистоҳ ибн Асоса (р.а.) ҳам бўлганлар.

Аллоҳ таоло Оиша онамизни оқлаш учун Қуръони каримда оятлар нозил қилганида Абу Бакр:

“Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман”, деди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди.

“Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишни севмайсизларми?! Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир” (“Нур” сураси, 22-оят).

Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) дарҳол: “Ҳа Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман”, дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра “Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан узмайман”, дедилар.

Бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) олдин Мистоҳ ибн Асоса (р.а.)га хайри эҳсонни бировлардан бериб юборар эканлар, бу ҳодисадан кейин эса шахсан ўзлари олиб борадиган бўлган эканлар.

Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ана шундай зот эдилар. Бу ишни қилишга кўпчилик ўзида журъат топа олмайди. Айниқса, оталарда қизларини гап-сўз қилганларга алоҳида нафрат пайдо бўлади. Бу нафрат умрининг охиригача ҳам кетмайди. Ўз қизини ноўрин гап-сўз қилганга, унинг айби собит бўлгандан кейин аввалгидан ҳам зиёдроқ яхшилик қилиш учун инсон Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) каби инсон бўлиши керак.

Муқаддас динимизда кечиримли бўлиш мўминнинг гўзал сифатларидан экани айтилади. Абу Дардо (р.а.)га “Энг азиз инсон ким?” деб савол берилганда, у зот “Кечиришга қодир бўлиб, афв қилган одам”, деб жавоб берган экан. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро кечиримли бўлишга буюради. Афв қилиш ва тақволи бўлиш бир-бирига яқин тушунчалардир. Кимнинг афв қилиши ва кечиримли экани қувватли бўлса, унинг тақвоси кучли бўлади. Мана шундай банданинг даражаси Аллоҳ таолонинг олдида ҳам олий бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси 13-оят).

Имом Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ: “Мўминнинг хулқларини афзали афв қилишдир”, деган. Инсон яқин биродари ёки қариндошини кечириш билан хато қилган кишига раҳм қилган бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариб, Унинг раҳмати ва мағфиратига сазовор бўлади. Шу билан бирга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатига амал қилиб, қиёмат куни у зотнинг шафоатига эришади.

Ҳусниддин ТУРСУНЗОДА,
Фарғона шаҳар “Янги чек” масжиди имом- ноиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close