Кексаларни эъзозлаш – ёшлар камоли

Юртимиздаги бугунги тинчлик-осойишталик, тўкинлик, кетмас давлат, файзу барака биринчи навбатда қарияларнинг дуоси, уларнинг оқ-фотиҳаси туфайлидир.

Ҳақиқатдан ҳам катталарга иззат бобомерос қадриятдир. Бетакрор маданият даражасига кўтарилган ушбу қадрият кўп минг йиллик тарихимиз давомида шакилланган ва ҳаётий имтиҳонларда тобланган. Дунёга машҳур “Қобусномада”ги насиҳатлардан бири “Эй фарзанд, қариларга ҳамиша тараҳҳум қил” ўгитидир. Шунинг учун ҳам каттага ҳурмат маданияти ҳар биримизнинг қонимизга сингиб кетгандир. Каттага ҳурмат исломий эътиқодимизнинг ажралмас бўлаги экани учун ҳам барчамизга азиз. Қуръони карим оятларида ота-она тимсолида ёши улуғлик иззат-икром чўққисига кўтарилади. Чунончи донишманд халқимизнинг наздида кексалик ақлу заковат, илму ирфон, сабру тоқат, гўзал ахлоқу юксак одоб, бир сўз билан айтганда, инсоний улуғворлик чўққисидир. Айнан шунинг учун ҳам кексаликни иззат-икром қилиш маданияти асрлар оша яшаб келмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдек оқиб келган бўларди”. Халқимизда қайси бир хонадонда ота-она ёки улардан бирлари мавжуд бўлса ўша оилани бағри бутун оила дейилади. Дарҳақиқат кексаларимиз ёшларнинг таълим тарбияси, ахлоқу одобини назорат қилиб, ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, панду насиҳат қиладилар. Унга риоя қилган ёшлар ҳаётда адашмай, жамиятда ўз ўринларини топишлари осон бўлади. Халқимизда яна бир “қари билганни пари билмас”, деган ажойиб нақл ҳам бор. Одатда парилар покиза донишманд бўлишганидан, кексаларни парига қиёслашган. Баъзида кексаси бор уйни фариштали деймиз. Хонадонимиз фаришталари  бўлмиш  кексалар яқин ўтмишни бугунги дориламон кунларга қиёслаб ҳаётий хулоса чиқарган ҳолда ёшларни тинчлик-осойишталикдек буюк неъматнинг қадрига етишга ундайди.

Аллоҳ таоло бизларга кексалар туфайли шунчалар кўп марҳамат кўрсатар экан, ўз навбатида, бизлар ҳам уларнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, иззат – икром кўрсатишимиз лозим. Чунки, кексаларга яхшилик қилишни, уларга иззат-икром кўрсатишни Аллоҳ таоло буюрган.

Ёш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан, албатта, фойдаланиши лозим. Шунинг учун орамизда катталарнинг борлиги улуғ неъматдир.

Одатда кишилар икки ишда катта хатога йўл қўядилар.  Биринчиси, ёшларни ҳали ёш деб уларга ишонмаганида, иккинчиси кексаларни қария деб четга суриб қўйганида. Ёшларда келлажакка интилиш билан боғлиқ бўлган катта ташаббус, куч ва ғайрат бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир ёш кексани ёши учун икром қилса, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган кишини муҳайё қилади”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Ибни Умар розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: “Ёши улуғ бир чол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас”, дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Кексалар эса ҳаёт йўлида  кўп иссиқ-совуқларни бошидан кечириб, бой тажриба ортиргани учун, уларда узоқни ўйлаб, босиқлик билан иш қилиш, етти ўлчаб бир кесиш сингари етук салохиятлари бор. Ёшларнинг ташаббуси, кучи, ғайрати кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси билан боғлангандагина яхши самара беради. Кекса авлоднинг ҳаёт тажрибасини менсимаслик ҳамма даврларда ҳам жамият учун зарарли оқибатларга олиб келган.

Алишер НАИМОВ,
Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan