Ким Пайғамбиримизга салавот айтмаса, бахилдир

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб сураси 56-оят) дея амр қилган.

Ушбу буйруққа жавобан, бизлар у Зот (с.а.в)га салавот айтишни кўпайтиришимиз керак. Хусусан Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган муборак мавлид ойида у Зоти шарифни сийратларини ўрганиб, ҳаётимизга гўзал ҳолатда тадбиқ этишимиз ва албатта кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбар (с.а.в.)га салавот айтишни амр қилган экан, бу салавот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда худди шу савол пайдо бўлган. Баъзи кишиларда “Пайғамбар (с.а.в.)га Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига нима ҳожат бор?” деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин. Бу саволга жавоб шу: Пайғамбар (с.а.в.)нинг мўминларнинг салавотларига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у Зотга салавот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу салавотлари ила Расулуллоҳни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлиб, муродларига етадилар иншааллоҳ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади ва унинг ўнта хатоси ўчирилиб, даражаси ўн баробар кўтарилади”, дедилар.  (Имом Аҳмад, Насоий ва Ҳоким ривояти).

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз (с.а.в.)га салавот айтилади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в): Ким менга бир кунда юз бор салавот айтса, Аллоҳ унинг юзта ҳожатини адо қилади. Улардан етмиштаси охирати учун, ўттизтаси дунёси учун бўлади”, дедилар

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари (с.а.в.)га салавот айтмоқдалар. У Зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан салавот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар (с.а.в.)га салавот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор. Аксинча, Пайғамбар (с.а.в.)нинг номлари зикр қилинганда у Зотга салавот айтмаслик мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насоийлар ривоят қилган ҳадисда: “Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир”, деганлар. Пайғамбар (с.а.в.)нинг муборак номлари зикр этилганида у Зотга салавот айтмаслик ниҳоятда ёмон ишдир.

Азизхон БАХРОМОВ,

Фарғона шаҳар “Тоййиба” масжидиимом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan