Кўнгилларда муборак айём шукуҳи

Бугунги кунда она юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни, файз ва қут-баракани халқимиз, авваламбор, Яратганнинг чексиз марҳамати сифатида шукроналик ва розилик билан қабул қилмоқда.

Эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, муҳтарам Президентимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорининг эълон қилиниши юртимизда муқаддас диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашга хизмат қилди.

Мазкур қарор билан республикамиз, хусусан, вилоятимизда Рамазон ойини азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда муборак ойимизнинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғоялар, динимиз арконларини эъзозлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишлари ташкил этилди. Ушбу муқаддас ойда ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштириш, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этишга қаратилган тадбирлар янада кучайтирилди.

Юртдошларимиз муборак Рамазон ойини кўтаринкилик ва хушнудлик билан ўтказдилар. Таъкидлаш керакки, муқаддас ой давомида илоҳий файз – баракотлар нозил бўлиши билан бирга, телевидение, радио ва матбуот чиқишларида сермазмун лавҳаларни халқимизга ҳавола қилиниши халқимизнинг руҳий ва маънавий тарбиясини камол топтиришда алоҳида аҳамиятли бўлди.

Вилоятимизда расмий фаолият олиб бораётган масжидларимизда таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар адо этилди. Намозхонлар учун яратилган қулай шароитлар, уларнинг эмин-эркин ибодатларини амалга оширишларига қаратилаётгандан эътибордан барча шод.

Кўнгилларимизда муборак кунлар шукуҳи кезиб юрган дамларда Юртбошимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга мувофиқ, мамлакатимизда 15-17 июнь кунлари Рамазон ҳайити уч кун байрам сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Бу эса миллий-диний қадриятларимиз, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган Рамазон ҳайитига бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг яққол мисоли сифатида қалбларимизни шодлик ва миннатдорлик туйғуларига тўлдирди.

Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, бу байрамни ҳам ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак. Ҳайит қувончлари, байрам хурсандчиликлари ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага кириб боришини Яратгандан тилаймиз.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, муқаддас Ҳайит байрамимиз айрим  жойларда бўлаётганидай, азахонлик, таъзияхонлик маросими эмас, балки хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар, фазилатли ой рўзасини эсон-омон, соғ-саломат тутиб олганимиз учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва шукроналар изҳор этиш рамзидир. Бу куннинг шукрини адо этиш, ушбу шодиёна онларда ардоқли ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, ёши улуғ, бемор кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, уларга имкон қадар меҳр-саҳоват кўрсатиш энг хайрли вазифаларимиздир. Бир-бирларимизни айём билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш, шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмон учун ниҳоятда шарафлидир. Унутмайликки, хайр-эҳсон қилишда ҳам чегарани тутмоқ керак, чунки исрофни Ҳақ таоло хуш кўрмайди. Ҳадиси шарифда “Аллоҳнинг неъматларидан еб-ичинглар, садақа қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исроф ва манманликка йўл қўйманглар!» дейилган (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак, қалбларимизни имонда, исломда собитқадам қилсин, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини бардавом, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини насибу рўзи айласин. Юртбошимизнинг эл-юрт равнақи, бахт-саодати йўлида олиб бораётган эзгу ва савобли ишларига Яратган раҳмат назарини ёғдирсин.

Алишер НАИМОВ,

вилоят бош имом-хатиби ўринбосари.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan