ДолзарбЖаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Лоқайдликнинг оқибати

Бир одамнинг отасидан қолган эски ва кўхна нураб кетган уйи бор экан. Ул одам уни ҳар йили ёзда уни суваб, охак билан бўяб, чиройли қилиб қўяр эди. Аммо ҳар куни эрталаб уйдан ишга чиқиб кетаётганида уйига қараб бундай дер эди: “Эй отамдан қолган ёдгорлик, эй эски дўст, сен яна йиқилиб кетмагин, йиқилсанг бола-чақаларимни босиб қоласан, илтижо қиламан тинч тургин”.

Орадан кунлар, йиллар ўтди, бир кун ишдан келса уйи-эски дўст ағанабди. Бола-чақа хаммаси тагида қолибди. Ул бахтсиз одам ич-ичидан куйиб, кўз ёшларини тўкиб фарёд қилди. Мен сенга ҳар куни дил сўзларимни айтдим, ёлвордим, йиқилмай пайтинг келганда менга хабар бергин, бола чақам остингда қолмасин, деган эдимку. Сен менинг бу илтижоларимга қулоқ бермадинг. Дўстлик ҳам шундай бўладими?! Орамизда хақ бор хуқуқ бор, ахир шунча йил дўст бўлдикку, деди.

Йиқилган уйнинг харобалари остидан ва ёғочларидан ул одам тушунадиган овоз чиқди: “Эй аҳмоқ одам, эй ақли оз ғафлати кўп дўстим. Мен сенга кўп илтижолар қилдим сен эшитмадинг, эшитишни хоҳламадинг ҳам. Деворларим ёрилди, ганж билан шувадинг, охак билан бўядинг, оғзимни ёпдинг. Шифтлардан бақирдим тахталарим ёрилиб очилиб кетди, уларни ҳам беркитиб бўядинг, мени бақирганимга қулоқ солмадинг. Охири мана бу иш бўлди. Бола чақанг остимда қолди. Ахмоқ дўстим! Айб сендадир, бошини беркитган туяқушга ўхшаб ғафлат ичида ётганингдадир.

Бу бир ҳикоя холос. Ушбу ҳикояда биз учун қандай ибрат дарси бор: Унда оила бошлиғига ҳам, давлат раҳбарига ҳам ўгит бор. Оила бошлиғи авлодларидан ахлоқ-одобга, дин-иймонга хилоф сўзлар эшитдими, дарҳол чорасини кўриш керак. Бу ҳикоядаги ахмоқ одам каби ҳолга тушмаслиги зарур. Болаларга овқат билан моддий қувват берилгани каби маънавий озуқасини ҳам ҳар куни ўз вақтида бериб туриши керак. Бошланғич синфни тугатсин, ўрта мактабни битирсин деб вақт ўтаверса, ота-оналар бунга лоқайдлик қилса, фарзандлар ноқобил, разил-ахмоқ бўлиб вояга етишиши мумкин. Шунинг учун фарзандларни тарбиялашни энг аввал уларни дунёга келтирувчиси бўлган онасини танлай билиш керак. Тарбия кўрган, маънавий бойлиги етарли бўлган иффатли, ор номусли аёлга уйланиш орқали фарзандлари ҳам солиҳа ва салоҳиятли бўлади. Тажрибада синалган болага онадаги хислатлар сут билан ўтади. Шуни асло ёддан чиқармаслик керак, йўқса юқоридаги ҳикоядаги одамнинг ҳолига тушиб қолиш мумкин. Бунинг бирдан бир чораси доимо огоҳ ва зийрак, ҳар бир нарсага ихлос билан чин юракдан, виждонан ёндошиш лозим. Айниқса, фарзанд тарбиясида лоқайд бўлмаслик, доимо огоҳ бўлиш даркор.

Қурбонали ПИРМАТОВ,
Бешариқ тумани “Узун” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close