Маҳалла – маънавий озуқа маскани!

Маълумки, азал-азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар ҳамда маънавий озуқа маскани бўлиб келган. Инсонлар ўртасида ўзаро бир-бирига меҳр оқибат, аҳиллик ва тотувлик ёрдамга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, тўй-у маърака-маросимларни ва оммавий ҳашарларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, одамлар яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби ўзбек халқига хос урф-одат ва анъаналари авваламбор шу маҳаллада шаклланади ва ривожланади. Шунинг учун ҳам “Маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган ҳалқимизга хос бўлган хикматли нақлни ҳаётий ҳақиқат ифодаси деб тушунамиз. Халқимиз мустақилликни қўлга киритган илк кунлариданоқ маҳалла ҳаёти билан боғлиқ бўлган кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналаримиз қайта тикланди.

Мамлакатимизнинг бош қомуси “Конституциямизга” маҳалла тушунчаси киритилиб унинг жамиятимиздаги тутган ўрни ҳамда мақоми қатъий белгилаб қўйилган. Маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, эртанги кунимиз ворислари бўлган ёш авлодимизнинг онгу-тафаккурини шакллантириш, уларга оилага садоқат, ватанга муҳаббатли ва ўз юртини қадрлаш маънавий мафкураси соғлом бўлиб камол топиши борасида маҳалла муҳим ўрин тутади. “Маҳалла” сўзи арабча “маҳал” сўзидан олинган бўлиб, “истиқомат қиладиган жой”, “ҳудуд” ёки шарқона “демократия” дарсхонасидир. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” (Яхши кишиларнинг хайратланиши) асарида қуйидаги сатрлар учрайди.

Топғали таъйини маҳаллот баҳр,
Аҳли маҳаллот ойириб, шаҳр-шаҳр.
Шаҳрлар отини маҳоллот эгиб,
Бўлди уч юз шаҳр ҳири от этиб.

Маҳалланинг “жой” деган мазмуни юқоридаги ташбеҳдан кўриниб турибдики, ўрта асрларда Ҳири деб аталган. Ҳирот шаҳри юзта кичик “шаҳарча” – маҳаллалардан ташкил топган экан. Шунинг учун ҳам маҳалла деганда, авваламбор, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган ва уни ривожлантирадиган, шу билан бирга келажак авлодлар қандай бўлиб вояга етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳамда ҳаёт ва маънавий озуқа мактаби деб тушунмоғимиз керак.

Илоҳо – оилаларимиз, маҳаллаларимиз тинч-осуда бўлсин. Юртимиз тинчлиги абадий ва истиқболи порлоқ бўлишини яратганни ўзи насибу-рўзи айласин.

Қурбонали ПИРМАТОВ,

Бешариқ туманидаги “Узун” масжиди имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan