Маҳри “қиммат” аёл

“Жаннатга кирдим, қадам товушларини эшитдим. Қарасам, олдимда Румайсо турибди”, – дедилар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам.

– Бу жаннатий аёл, сабрда тенгсизлигини келгуси уммат аёлларига исботлаб берган. Пайғамбарга хизматни шараф билиб, ўғлига: “Расулуллоҳни сирларини доим сақлагин”, – дея уқтирган. Ажиб табиатли, маҳрини ислом қилиб олиб, тарихда ўзидек қимматли маҳр олувчи аёллар бўлишига ундаган саҳобия аёл Румайсо – Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бўладилар.

Румайсо розияллоҳу анҳо қариндошликда Нажжор уруғи билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга туташади. Мадиналик аслзода аёллардан. Ислом нафаси Мадинага борган илк онларида иймонга кирган ва муслималар қаторидан жой олган. Турмушлари Анас розияллоҳу анҳунинг отаси Молик ибн Назр билан бошланган. Аммо Молик исломни қабул қилмай уларни ташлаб Шомга кетади ва ўша ерда вафот этади. Шундан сўнг Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Анас розияллоҳу анҳу улғайгунча турмуш қурмайдилар. Анас розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлари учун берадилар ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қалбинг билан хизмат қилгин” – дея қаттиқ тайинлайдилар. Пайғамбар алайҳиссаломга: “Илтимос Анаснинг ҳаққига дуо қилинг”, деганларида “Аллоҳим Анаснинг молига, болаларига ва яна Ўзинг ато этган барча нарсаларга барака бергин”, дея дуо қилганлар Пайғамбар алайҳиссалом.

Абу Толҳа ҳали мусулмон бўлмай Умму Сулайм розияллоҳу анҳуга совчи қўяди. Аммо Умму Сулайм розияллоҳу анҳо унга: – “Мен сенга турмушга чиқардим, аммо сен мусулмон эмассанда, эй Абу Толҳа”, – дейдилар.

– “Эй Румайсо бу не ҳол? Менинг олтин-кумушларим қаёқда-ю, сен қаёқдаги гапларни айтасан”, – деди Абу Толҳа.

– “Менга олтин-кумушлар керак эмас. Сен на эшитадиган, на кўрадиган, фалон қабиланинг қули бўлган дурадгор ясаб берган ёғочга ибодат қилишдан уялсангчи! Агар сен Исломни қабул этсанг, мен оладиган маҳрим шу бўлади. Мен сенинг олтин-у кумушларингдан кечаман” – дея жавоб берди Умму Сулайм розияллоҳу анҳо.

Шу он Абу Толҳа ўзидан уялди, Аллоҳ унинг қалбига Исломни тарихга ибрат, умматга ўрнак қиларли ҳолда жойлаб қўйдики, бу ерда Умму Сулаймнинг шижоатини эслаб ибратланаверамиз. Чунки Абу Толҳа аслзода, бой ва қавмининг олий насаб кишиларидан эди. Агар у истаса қавми унга қизларини беришга рози бўлар эди.

Садоқатда ва сабрда ҳам бир ўрнак эди Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ҳаёти. Абу Толҳа розияллоҳу анҳу билан ўғил фарзанд кўрган эдилар. Аммо бу гўдак бир кун ҳасталаниб қолди. Шу кунларда эса Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ғазотга кетишлари керак эди. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо уни қалбини хотиржам қилиб ғазотга жўнатди. Аммо фарзандлари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қайтган кеча вафот этди. Келган онидаёқ фарзандининг ҳолини сўраган Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга:

– “У ухлади, дуо қиламанки шояд уйқуси роҳатли бўлса”, – дейди Умму Сулайм розияллоҳу анҳо.

Шу кечанинг тонги отганда Абу Толҳа розияллоҳу анҳуни уйғотар эканлар:

– “Эй Абу Толҳа, туринг ҳаммани жанозага чақиринг, омонат эгасига қайтарилди. Аллоҳ бизга ўғилни омонат берган эди. Энди ўша омонатни қайтариб олди”.

Бу гаплар уммат аёлларига ибрат ўлароқ тарихда қолгандир. Сабрда ажиб бир намуна, иймонда собит, жуфтининг хизматига ошиққан аёл.  Айни шу вақтда эса жони оғриб дунёга келтиргани, юрагининг парчаси жасадига кўрпа ёпиб, эрининг чарчоғини чиқарган аёлдир.

Ҳа, Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ўша кеча жуфти чарчаб келганини билар, унга хизматни азадан афзал кўрган, ундан дуо олишни кечиктирмаган аёл эдилар. Бу сабр ва матонатни, уммат аёлларининг мумтоз этиладиган ажиб хилқатини очиб берган аёлни ҳамон тарих соғинса ажаб эмас!

Саидакбархон АЪЗАМХОНОВ,

Бувайда тумани “Пошшопирим” масжиди имом-ноиби

Манбалар асосида тайёрланди

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan