Маънавиятга қарши қаратилган хатарлар

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг энг аввало халқимиз саводхонлигини ошириш, ўзлигимизни англаш, мустабид тузум остида мажбуран унуттирилган қадриятларимиз, маънавий меросларимизни тиклашга катта этибор қаратила бошлади. Бу йўлда кўплаб ишлар амалга оширила бошланди. Энг аввало тарихимизни ёрқин номоёндалари бўлган, илм ва маърифат булоғлари ҳисобланган аждодларимизнинг этибордан четда қолган қадамжоларини обод қилиш, уларнинг ёзиб қолдирган китобларини фойдаланишга топшириш учун ҳаракатлар бошланди. Буларнинг барчаси кишиларни инсоний фазилатлар, гўзал ахлоқлар ва исломий тарбиялар билан зийнатланмоқлари учун сабаб қилинди.

Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи бир ғаламислар тарафидан ушбу маънавий ютуқларимизга қарши тескари ташвиқотлар олиб боришлари, ҳар хил фитналар чиқаришлари сабаб,  ҳали исломий тарбиядан узоқ, аждодларининг хикматли ўгитларидан бехабар улғайган кишилар ўртасида иккиланиш, ишончсизлик пайдо бўла бошлади. Охир-оқибат етмиш йиллик ташқи душман таъсирида қадди букилмаган кишилар, ўзаро аҳил иноқ бўлган мусулмон халқимиз ўз ичидан чиққан илонлар сабаб фитланала бошлади. Ўзаро ишонч, хурмат, аҳиллик ва бирдамлик, меҳр оқибат йўқола бошлади.

Бугун халқимиз ўз эркига эга бўлганлигига чорак аср бўлган бўлсада, инсонлар моддий ва маънавий эҳтиёжини бемалол қондираётган бўлсада, “Тўқликка-шўхлик” қабилида иш тутаётган айрим ғаламислар ҳамон мавжуд эканлиги ачинарлидир. Дин хизмати учун, миллат келажаги ва мусулмонлар фаровонлиги учун ўз ҳиссасини қўшиш ўрнига “Тирноқ орасидан кир қидирадиган”, одамлар орасини бузилишлигига сабаб бўладиган, мусулмон умматининг ўзаро жипслигига раҳна соладиган ахборотлар тарқатадиган фитнакаш кишилар пайдо бўла бошлади. Бу эса маънавиятимизга рахна солувчи энг катта хатар бўлди. Аллоҳ таолонинг бандаларига берган илми орқали вужудга келган техникалар, тезкор ахборот алмашув воситаларидан нотўғри фойдаланиш улар учун қулайлик яратди. Муаллифи ва манбаси номаълум бўлган маълумотлар тарқатиш, илм аҳлига таъна тошлари отиш, инсонларнинг айбини очиш орқали ўз мақсадларига етишга ҳаракат қилмоқдалар. Энг ачинарлиси эса, бундай кимсалар ўз мақсадлари йўлида муқаддас ислом таълимотларини бузиб талқин қилишлари туфайли пок шариъатимизга жохиллар тарафидан таъна тошлари отила бошланди. Хаттоки, динимиз ривожи йўлида бутун умрларини бағишлаб кетган алломаларимиздан, мазҳаб уламоларимиздан ҳам айб қидира бошланди.

Бундай муаммоларга қарши курашишнинг энг тўғри йўли эса илм ва маърифат ўрганишликдир. Соф ислом таълимотини мазҳаббош алломаларимиз қолдириб кетган мерослар бўйича ўрганиш асосида бўлади. Ўрганилган илмини фаҳм фаросат, ақл-идрок, тафаккур билан безамоғи лозимдир. Эшитган ёки ўқиган ҳар қандай маълумотидан ўзича хулоса чиқариш, фатво олишга эхтиёт бўлмоғи лозимдир.

Зеро, Аллоҳ таоло айтганидек: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси, 43-оят).

Демак, аждодларимизнинг энг бебаҳо мероси ҳисобланган маънавий бойлигимизга илмсизлик ва лоқайдлигимиз натижасида зарар етказиб қўймайлик.

Н.Тиллабоев,

Учкўприк тумани “Учкўприк” масжиди имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan