Манфаатларимиз асоси

Ривоятларга қилинадики, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: «Неъмат нима?» У: «Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётдан манфаатланганини кўрмадим», деб жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, тинчлик – энг буюк неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш мусулмон кишининг зиммасидаги бурч бўлиб, ушбу мулоҳаза Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларида ҳам ўз аксини топган:

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”.

Ҳар бир инсон яшаши, ибодатини хотиржам қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистондир. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин, уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди.

Тарихда тинчликнинг бузилишига аксар ҳолларда жамиятнинг диёнатдан узоқлашгани, маънавиятга эътиборсизлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида бугун барчаларимиз жипслашиб, ёш авлодни юксак маънавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз улкан фазилат ва муҳим вазифадир.

Шу маънода халқимиз динимиз соф ақидасига сидқи дилдан амал қилиб келаётгани туфайли, Аллоҳ таолонинг неъмати бўлмиш хотиржамлик, осойишталигини юртимизда ҳукм сураётганини кўрамиз. Ана шу туфайлигина жиноятларнинг олди олинади, осудалик ҳукм суради.

Тинчликни сақлайдиган омиллардан яна бири – тўғри тафаккур. Зеро, тўғри фикрлаш барчани ҳар хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди. Одамлар орасида фаҳш, мункар ишлар, нотўғри ғоялар тарқалишининг олдини олади.

Хотиржамликнинг давомийлигини таъминлайдиган омиллардан яна бири – шукур. Зеро, Қуръони каримда ҳам шукур қилганларга неъматларнинг зиёдалиги берилиши тўғрисида оятлар мавжуд. Билакс ношукурлик нотинчликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам оятларда ўз аксини топган.

Инсонларнинг бирлиги, маърифат ҳосил қилиши, ҳаёт фаровонлиги, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, жамиятда бирдамликнинг мустаҳкамланиши, қўни-қўшни ва қавм-қариндошнинг ҳолидан хабар олиб туриш, силаи-рахм қилиш, хотиржам ибодатда бўлиш, Ер юзида Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳаёт кечира олиш учун ҳам тинчлик лозим.

Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида ҳадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга дунё тўлигича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).

Эътибор қилинг-а, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз кўпинча эътибор бермайдиган, аслида муҳим бўлган уч нарсани эслатмоқдалар: тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун тинч ва обод юртимизда барчамиз бу неъматларга эгамиз. Уни сақлаш Ватан ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз биринчи президенти таъкидлаганларидек: “Ўзбек халқининг бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган, минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган бир қатор ўзига хос хусусиятлари, бағрикенглиги, меҳр-оқибат, меҳр-мухаббат, меҳр-шафқат каби фазилатлар билан йўғрилган дин-диёнати, маънавияти юксак даражада экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ иншааллоҳ!”

Аҳмаджон Турсунов,
Қува туман “Абу Ҳанифа” масжиди ноиб-имоми

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan