Мавлид нима? Унинг шариатдаги ҳукми қандай? (1-қисм)

حسن المقصد في عمل المولد

Мавлид[1] амали ҳақида ниятни гўзал қилиш

بسم الله الرحمن الرحيم

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

الحمد لله وسلام على عباده الذين اصطفى. وبعد فقد وقع السؤال عن عمل المولد النبوي في شهر ربيع الأول ما حكمه من حيث الشرع وهل هو محمود أو مذموم وهل يثاب فاعله أو لا

Аллоҳ таолога ҳамд ҳамда танлаган бандалари бўлмиш пайғамбарларга саломлар бўлсин.

Менга рабиъул-аввал ойида қилинадиган мавлид амали ҳақида савол тушди. Унинг шариатдаги ҳукми қандай? У мақталган ишми ёки мазамат қилинган? Мавлидни амалга оширувчи кишига савоб бериладими ёки йўқми?

الجواب-عندي أن أصل عمل المولد الذي هو اجتماع الناس وقراءة ما تيسر من القرآن ورواية الأخبار الواردة في مبدأ أمر النبي صلى الله عليه وسلم وما وقع في مولده من الآيات ثم يمد لهم سماط يأكلونه وينصرفون من غير زيادة على ذلك هو من البدع  الحسنة التي يثاب عليها صاحبها لما فيه من تعظيم قدر النبي صلى الله عليه وسلم وإظهار الفرح والاستبشار بمولده الشريف،

Жавоб: менга кўра, инсонларни бир ерга тўпланиб, аввал тиловати қуръон ўқиб, сўнг пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг дастлабки ҳолларида содир бўлган хабарлар ҳамда у зотнинг таваллуд чоғларида воқеъ бўлган мўъжизалар ҳақидаги ривоятларни бунга бошқа қўшимчалар киргизмаган ҳолларида ўқишлари бидъати ҳасана (яхши янгилик)лар жумласидандир. Уни қилган кишига савоб берилур. Чунки, ушбу мавлид ўқишликда пайғамбар (с.а.в.)нинг қадрларини улуғлаш ва у зотнинг таваллудлари билан ўз шодлик ва хурсандлигини изҳор этиш мавжуддир.

وأول من أحدث فعل ذلك صاحب اربل الملك المظفر أبو سعيد كوكبرى بن زين الدين علي بن بكتكين أحد الملوك الأمجاد والكبراء الأجواد

Биринчи бор бу ишни бошлаган киши Ирбил[2] шаҳрининг соҳиби подшоҳ Музаффар Абу Саид Кавкабрий ибн Зайниддин Али ибн Буктагин. У улуғ ва сахий подшоҳлардан бири бўлган.

وكان له آثار حسنة وهو الذي عمر الجامع المظفري بسفح قاسيون

Ундан кўп яхши ёдгорликлар қолган. У Сафҳқосиюн шаҳридаги “ал-Музаффарий” жомеъсини қурдирган.

قال ابن كثير في تاريخه: كان يعمل المولد الشريف في ربيع الأول ويحتفل به احتفالا هائلا وكان شهما شجاعا بطلا عاقلا عالما عادلا رحمه الله وأكرم مثواه،

Ибн Касир[3] ўз тарихида[4] шундай ёзади:

Подшоҳ Музаффар рабиъул-аввал ойида мавлиди шариф қилдирар ва ушбу маросимни жуда даҳшатли қилиб ўтказарди. Ўзи ҳам жуда гавдалик, паҳлавон, оқил, шижоатли, олим ва одил эди. Аллоҳ уни ўз раҳматига олган ва ётган ерини мукаррам этган бўлсин!

قال وقد صنف له الشيخ أبو الخطاب بن دحية مجلدا في المولد النبوي سماه (التنوير في مولد البشير النذير) فأجازه على ذلك بألف دينار،

Ибн Касир ўз сўзида давом этиб: Унга шайх Абул-Хитоб ибн Диҳя мавлиди набавийга оид бир мужалладдан иборат китоб ёзиб берди ва унга “ат-Танвир фи мавлид ал-Башир ан-Назир” (Мўминларга хушхабар берувчи ҳамда кофирларни огоҳлантирувчи бўлган зотнинг таваллудларига оид қалбларни нурга тўлдириш рисоласи) деб ном қўйди. Подшоҳ унга ушбу рисоласи учун минг динор тўлади.

وقد طالت مدته في الملك إلى أن مات وهو محاصر للفرنج بمدينة عكا سنة ثلاثين وستمائة (630/1232) محمود السيرة والسريرة،

Унинг подшоҳлиги узоқ муддат давом этди ва у Уко номли шаҳарда овруполикларни қамал қилиб турган пайтида (630/1232) йили вафот топди. У таши ва ичи бир хил мақталган зотдир.

وقال سبط بن الجوزي في مرآة الزمن:

Сибт ибн ал-Жавзий[5] “Миръот аз-замон” (Замон ойинаси) номли асарида баён қилишича:

حكى بعض من حضر سماط المظفر في بعض الموالد أنه عد في ذلك السماط خمسة آلاف رأس غنم شوي وعشرة آلاف دجاجة ومائة فرس ومائة ألف زبدية وثلاثين ألف صحن حلوى،

Подшоҳ Музаффарнинг мавлид маросимларидан бирида унинг дастурхонига ҳозир бўлганлардан бирининг ҳикоя қилишига кўра, ушбу меҳмон унинг дастурхонида беш минг пиширилган қўй калласи, ўн минг товуқ, юз от ва юз минг дона қаймоқ ҳамда ўттиз минг ҳалво ликопчасини санаган экан.

قال وكان يحضر عنده في المولد أعيان العلماء والصوفية فيخلع عليهم ويطلق لهم ويعمل للصوفية سماعا من الظهر إلى الفجر

Ибн ал-Жавзий айтади: Унинг ҳузурига мавлид маросимида кўзга кўринган уламолар ва сўфийлар ташриф буюрар эдилар. Подшоҳ уларни сийлар ва уларга тўла эрк берар ҳамда сўфийлар учун пешиндан то бомдодга қадар рақсу-самоъ[6] ташкил қилиб берар эди.

ويرقص بنفسه معهم وكان يصرف على المولد في كل سنة ثلاث مائة ألف دينار

Ҳатто ўзи ҳам улар билан бирга рақсу самоъга тушарди ва мавлид маросимига ҳар йили уч юз минг динор сарф қиларди.

وكانت له دار ضيافة للوافدين من أي جهة على أي صفة فكان يصرف على هذه الدار في كل سنة مائة ألف دينار

Уни турли ўлкалардан ҳар-хил сифатда келувчи меҳмонлар учун алоҳида ҳовлиси бўларди. У ушбу ҳовлига ҳар йили юз минг динор сарфларди.

وكان يستفك من الفرنج في كل سنة أساري بمائتي ألف دينار وكان يصرف على الحرمين والمياه بدرب الحجاز في كل سنة ثلاثين ألف دينار هذا كله سوى صدقات السر،

У асир тушган овруполиклардан ҳар йили бир нечасини икки юз минг динор эвазига озод қиларди ҳамда икки ҳарам (Макка ва Мадина)га ҳамда Ҳижоз сўқмоғидаги сувларга ҳар йили ўттиз минг динор сарфлар эди. Буларнинг бари махфий садақалардан ташқариларидир.

وحكت زوجته ربيعة خاتون بنت أيوب أخت الملك الناصر صلاح الدين أن قميصه كان من كرباس غليظ لا يساوي خمسة دراهم

Унинг аёли машҳур фотиҳ Салоҳиддиннинг[7] синглиси Аййуб қизи Робиъа хотуннинг ҳикоя қилишича: Эри подшоҳ Музаффарнинг кўйлаги атаги беш дирҳам ҳам турмайдиган қўпол бир матодан тикилган экан.

قالت فعاتبته في ذلك فقال لبسي ثوبا بخمسة وأتصدق بالباقي خير من أن ألبس ثوبا مثمنا وأدع الفقير والمسكين،

Хотини айтади: Мен уни шундай кўйлак кийиб юргани учун уришсам, у менга “Беш дирҳамлик кўйлак кийиб, қолганини садақа қилишим қимматбаҳо кийим кийиб, фақир ва мискинларни унутганимдан кўра яхшироқдир” дер эди.

وقال ابن خلكان في ترجمة الحافظ أبي الخطاب بن دحية:

Ибн Халликон[8] ҳофиз Абул-Хитоб ибн Диҳянинг таржимаи ҳоли ҳақида шундай ёзади:

كان من أعيان العلماء ومشاهير الفضلاء قدم من المغرب فدخل الشام والعراق واجتاز بإربل سنة أربع وستمائة (604/1207) فوجد ملكها المعظم مظفر الدين بن زين الدين يعتني  بالمولد النبوي فعمل له كتاب التنوير في مولد البشير النذير وقرأه عليه بنفسه فأجازه بألف دينار

У кўзга кўринган олим ва фозил кишиларнинг машҳурларидан эди. Мағриб томондан келиб, Шом ва Ироққа кирган ҳамда Ирбил шаҳридан ўтган (604/1207 йили) ва унинг улуғ подшоси Музаффаруддин ибн Зайнуддинни мавлиди набавийга жиддий эътибор қаратаётганини кўрди. Сўнг у учун “Ат-Танвир фий мавлид ал-Башир ан-Назир” номли китобини ёзиб ўзи уни ўқиб ҳам берди. Шундан сўнг подшоҳ унга минг динор тўлади.

قال وقد سمعناه على السلطان في ستة مجالس في سنة خمس وعشرين وستمائة (625/1228) انتهى.

Ибн Халликон айтади: Биз ушбу мавлидни султон ҳузурида олти юзи йигирма бешинчи санада (625/1228) олти ўринда эшитганмиз (Ибн Халликоннинг сўзлари тугади).

***  ***  ***  ***  ***

[1] Мавлид – Муҳаммад а.с. таваллудлари билан боғлиқ маросим.

[2] Ирбил – Ироқ шимолидаги шаҳар бўлиб, милоддан аввалги 3000- йилда Сомирийларнинг пойтахти бўлган. Искандар Румий Доро 3 ни “Кўкмила” деб аталган жангда айнан ушбу Ирбил шаҳрида енгган (мил.ав.331й.) ҳозирда у ерда қадимги деворлар ҳамда мазкур Музаффар подшоҳ қурдирган масжид (XII аср) миноралари сақланиб қолган.

[3] Исмоил ибн Касир машҳур тарихчи ва муфассир (1300-1372 Димашқ).

[4] Унинг тарихга оид машҳур асари бўлиб, унинг асл исми “ал-Бидоя ва н-Ниҳоя” деб номланади.

[5] Сибт ибн ал-Жавзий (1186-1257) Бағдодлик тарихчи уни “Миръот аз-замон фий тарих ал-аъён” (машҳур кишилар тарихига оид замон ойинаси) номли асари мавжуд.

[6] Тасаввуфдаги зикр тури.

[7] Салоҳиддин ал-Аййубий Юсуф ибн Аййуб (1138-1193) Ироқнинг Тикрит шаҳрида туғилган ва Димашқда вафот этган. Аййубиййа давлати асосчиси. Қуддус шаҳрини салбчилардан озод этиб, уни мусулмонлар қўлига қайтарган.

[8] Ибн Халликон Аҳмад (1211-1282) араб тарихчиси Ирбилда туғилган. Димашқ қозиси бўлган. Уни “Вафайат ал-Аъян ва анбаъу абноиз-замон” (таниқли кишилар ўлимлари ва замон ўғилларининг хабарлари) номли 8 жилдли машҳур асари мавжуд.

Абдувоҳид АҲМАДАЛИЕВ,

Марғилон шаҳар «Худоёрҳожи» масжиди имом-ноиби

Жалолуддин ас-Суютийнинг “ал-Ҳовий лил-фатово” (Фатволар мажмуи) асаридан таржима

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan