Меҳнат – барака, дангасалик эса иллатдир

“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз” (Жума, 10-оят).

Аллоҳга бандачиликни адо қилгач, яъни эрталаб бомдод намозини ўқигач, “Аллоҳим, Сен Раззоқсан, ризқ берувчисан. Мен бўлсам Сен берган ризқни истеъмол қилувчиман. Менинг қиладиган бу ҳаракатим фақат ҳалол ризқингни топишликка бир сабабдир, холос! Парвардигорим, Ўзинг менга куч-қувват бер, Ўз фазлу караминг ила мени ҳалол ризқингдан ризқлантиргин” деб Аллоҳга саҳар чоғи илтижо қилинади. Чунки Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар:

“Ризқларингизни ва ҳожатларингизни эрта саҳарда талаб қилинглар. Чунки саҳарда ҳам барака, ҳам нажот тарқатилади”.

Мусулмон тонг саҳарда уйғониши билан нафақат ўз бандачилигини адо қиларкан, балки ўзининг нажоти билан бирга ризқининг баракасига эга бўларкан. Барака дегани бешубҳа ризқ, ҳалол озиқ-овқат, Худонинг ризолиги билан топиладиган дунё, ози ҳам кўпга кифоя қилади, кўп машаққат чекмасдан топиладиган ризқ.

Фотима (р.а.) шундай ривоят қиладилар: “Мен субҳ пайтида ухлаб ётган эдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг олдимдан ўтиб қолдилар ва оёқлари билан мени турғазиб: “Эй қизим, туринг, Роббингиз ризқ тақсимлашига шоҳид бўлинг ва зинҳор ғофиллардан бўлманг! Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла тонг отгандан қуёш чиққунгача бўлган соат ичида одамларнинг ризқларини тақсимлайди” дедилар.

Яна Аллоҳ таоло бандаларини ҳалол касбга буюриб:

“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир” деган.

Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти каримани Исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзинининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтирадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган. Бу ҳақиқат ҳозирги асримизда келиб  яққол кўзга ташланди. Инсон ердан фойдаланишнинг барча турларини ишга солди. Бу оятдаги “юринг” деган хитоб мусулмонларни доимо касби-корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатади. Шу билан бирга ризқ Аллоҳдан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатади.

Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб, ўзига керакли нарсани сўради. Пайғамбар алайҳиссалом ундан: “Уйингда бирор бир нарсанг борми?” деб сўрадилар. “Ҳа, бор, Эй Аллоҳнинг расули, бир наматимиз бор. Аммо унинг баъзи жойлари куйган. Биз унинг устида ўтирамиз, ётамиз, бир четини устимизга ёпамиз, бир четини тагимизга тўшаймиз. Ёғоч товоғимиз ҳам бор, унда овқат еймиз, сув ичамиз ва бошларимизни ювамиз” деди ҳалиги киши. Расули акрам: “Икковини менга олиб кел” дедилар. У киши намат билан товоғини олиб келганидан сўнг, Пайғамбар алайҳиссалом у нарсаларни қўлларига олиб: “Бу иккаласини ким сотиб олади?” дедилар. Бир киши: “Бунга яна бир дирҳамга сотиб оламан”, деди. Набий алайҳиссалом: “Бунга яна бир дирҳам қўшиб сотиб оладиган киши йўқми?” дедилар. Бошқа киши: “Мен икковини икки дирҳамга сотиб олиб оламан”, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом у одамга намат ва товоқни бериб, икки дирҳамни олдилар ва молнинг эгасига топшира туриб: “Бир дирҳамига овқат сотиб олиб, уйингга бор. Бир дирҳамига эса, болта харид қил ва менинг олдимга кел” дедилар. Ҳалиги киши кейин болта сотиб олиб қайтиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Бориб, ўтин териб, бозорда сот. Сўнг 15 кундан кейин менинг олдимга кел”, дедилар. Кейин у киши кетди, ўтин сотиб, 15 дирҳам ишлади. Пулининг бир қисмига таом, озроғига кийим сотиб олди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга айтдилар: “Бу ишинг сенга қиёмат куни юзингда қора доғ бўладиган, уни фақат олов ўчирадиган тиланчиликдан яхши эмасми?”

Қолаверса, бошқа бир сўзларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳунармандлар (ҳалол меҳнат қиладиган) Аллоҳнинг маҳбуб бандаларидир” деганлар.

“Дунёда шундай бир гуноҳ борки, уни на беш вақт намоз, на рўза, на ҳаж ва на умра билан ўчади. Сўрадилар: Ё Расулуллоҳ, унда у гуноҳни нима ўчиради? Пайғамбаримз алайҳиссалом: Ўша гуноҳни ўчирувчи фақат бир ғамдир. Аҳлини ҳалол билан боқишликка тиришаётганнинг ғами. Ҳалол ризқ топиш йўлида ғам чекувчининг ғами”.

Демак, юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан шундай хулоса қилиш мумкинки, динимиз таълимотлари кишини ҳалол меҳнат қилиш, бунинг акси бўлган дангасалик ва ялқовликдан узоқ бўлишга чақирган. Шундай экан, кишининг шахсий фаолияти ва жамият равнақига тўсиқ бўлувчи ялқовлик ва дангасалик иллатидан узоқ бўлишни Аллоҳ барчамизга насиб қилсин!

Абдуллохўжа КАРИМОВ,
Учкўприк тумани “Кушки туркон” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan