Миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам асосидир

Жамият тараққиётининг истиқболи, инсонларнинг бахт-саодати фаровон  ҳаёт кечириши
миллатлар, элатлар, барча ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги ҳамкорлик,  ҳамжиҳатлик муносабатларнинг такомиллашуви билан узвий боғлиқдир.

 Миллат – арабча халқ, муайян ҳудудда истиқомат қиладиган, умумий тил, маданият урф-одат, қадриятлар ва руҳий яқинлик билан фарқланувчи этно ижтимоий бирлик ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, ер юзида 1600 дан ортиқ миллат бўлиб, уларнинг сони бир неча ўн мингдан бир неча юз миллионгачани ташкил этади.

Сон жиҳатдан миллатлар тўрт гуруҳга бўлинади. Буларга:

  1. Энг кўп сонли миллатлар Хитойлар 1 млр.дан ортиқ, — ҳиндлар, америкликлар, руслар, японлар юз мил.дан ортиқ;
  2. Кўп сонли миллатлар 50 млн.дан 100 млн. гача — инглизлар, французлар, испанлар, турклар ва бошқалар;
  3. Йирик миллатлар 10млн.дан – 50 млн.гача – ўзбеклар, португаллар, поляклар ва бошқалар;
  4. Кам сонли миллатлар ҳар бири бир неча ўн мингдан бир млн.гача.

Аммо шуни таъкидлаш жоизки миллатларнинг сони уларни буюклиги ёки гегемонлиги  учун асос бўла олмайди. Зеро, барча миллатларнинг тенг, озод ва эркинлиги “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси”да белгиланган асосий қоидалардан бўлиб, жаҳон сиёсатининг асосий тамойиллари бири ҳисобланади.

Ўзбекистон худудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари бахамжиҳат истиқомат қилиб келган, улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмагани халқимизнинг азалий бағрикенглигини кўрсатади. Этник тоқатлилик ва бағрикенглик толерантлик қадим-қадимдан давлатимиз худудида омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланиб қолган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”,- деб таъкидланган. Республика Конституциясининг 18-моддасида ҳам миллатлараро муносабатлар аниқ белгилаб берилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқини беради” 3-модда. Ўзбекистон фуқароларнинг қонун олдида тенглиги қоидаси ўзбек халқининг республика худудида яшовчи барча миллатлар вакиллари билан муносабатларни уйғун холга келтиришнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.

Диёримизда азал азалдан турли элат ва миллат вакиллари яшаб келганлар. Бундан ташқари турли дин вакиллари ҳам ўзаро ҳурмат руҳи асосида истиқомат қилганлар.Бугунги кунда ҳам турли конфессия ва миллат вакиллари аҳил ва иноқ умргузаронлик қилмоқдалар. Динимиз таълимотларида ўзга дин ва миллат вакилларига нисбатан бағрикенг бўлишга тарғиб қилинган.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!”.Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради” – деб марҳамат қилганлар. Айнан ана шу ҳадисни эътиборга олган ҳолда ҳазрати Умар р.а. Амр ибн Ос р.а.ни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: “Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ с.а.в.ни ўзингизга душман қилиб қўйманг” – деб огоҳлантиргандилар.

Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, “Оли Имрон” сурасида: “Айтинг Эй, Муҳаммад!: “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса Қуръонга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса ваҳийга имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини тасдиқлашда фарқ қилмаймиз ва биз Унинг ўзигагина бўйин синувчилармиз”.

Шу суранинг давомида эса: “Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва Аллоҳ йўлига тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора охиратда нажот топсангиз!” – деб амр қилинган.

Қуръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар Забур, Таврот, Инжилларни тан олишга, аҳли китобларни, яъни, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга чақиради. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамкорликка чақириб, фитна, нифоқ ва низоларнинг ҳар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади.

Бошқа дин миллатдаги кишиларнинг ҳурматини жойига қўйишда ҳам Расулуллоҳ с.а.в. бизга ўрнак бўлганлар:

“Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз с.а.в. маййит ҳурматига ўринларидан турдилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ с.а.в. бу вафот қилган киши яҳудийку” – дейишди. Пайғамбаримиз с.а.в. “Яҳудий одам эмасми” – дедилар. Бу гаплари билан саҳобалардан ранжиганликларини билдирдилар ҳамда бошқа диндаги кишиларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклиги борасида амалий кўрсатма бердилар.Пайғамбар с.а.в. Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорлик қилиш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.

Имом Воқидий ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Абу Ҳудрад Асламийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб р.а. билан Жобияга келдик. У киши аҳли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини кўриб қолиб, унинг кимлигини сўрадилар. “У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заифлашиб қолган”, дейилди. Умар р.а. унинг зиммасидаги жизяни бекор қилдилар. Кейин: “Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!” деб, Байту-л-молдан ўн дирҳам нафақа жорий қилдилар. Унинг оиласи бор эди”.

Қуръони каримдаги Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”. Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир.

Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилиб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.

Ҳазрат Алишер Навоий шоҳ байтида дунё аҳолисига шундай мурожаат қилади: “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш…”

Бобокалонимиз “Олам аҳли…” дея миллату-ирқ, дину-мазҳаб каби тафовутлардан қатъи назар жумлаи оламга хитоб этиб, барча инсониятни тинчликка, тотувликка, ўзаро ҳамжиҳатликка чорлаган. Бағрикенг юртда ўзбекми, русми, қозоқми ёки бошқа миллатга мансуб бўлса ҳам, барча бир юртнинг фарзандларидир. Шу юртда туғилиб ўсган ҳар бир инсон ота-боболари, бувилари аҳил, бирдам яшаш нақадар улуғ фазилат эканлигини онгига болаликданоқ сингдириб улғайтирганлар. Шундай экан, юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликни асраб-авайлашга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.

Мирзоқосим Саидмирзаев,

Қувасой шаҳар «Тошмозор»  масжиди  имом-хатиби 

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan