“Миссионерлик” ва “прозелитизм”нинг маънавиятга салбий таъсири

Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динлар ёки конфессияларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

“Миссионерлик” ва “прозелитизм” дин билан боғлиқ ҳолда шаклланган ва мутаассибликка асосланган ҳодисалар ҳисобланади. “Миссионерлик” сўзи лотин тилидаги «миссио” феълидан олинган бўлиб, «юбориш”, «вазифа топшириш”, “миссионер” эса «вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш билан боғлиқ назарий ва амалий фаолиятни билдиради.

“Миссионерлик” – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш. “Прозелитизм” – бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилиш.

Бундай ҳолат бизнинг давлатимизда қонун орқали белгилаб қўйилган. Конституциянинг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар билан бир қаторда янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур.

Миссионерликнинг узвий қисми бўлган “прозелитизм – тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилиш”ни англатади.

Маълумотларга кўра, дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси бўлиб қолмоқда. Уларнинг фаолияти кўплаб давлатларда катта мувафақият келтирган. Ҳозирги кунда Жанубий-Шарқий Осиёдаги анъанавий равишда буддавийликка эътиқод қилиб келган айрим мамлакатлар аҳолисининг катта қисми ёки аксарияти христианликка эътиқод қилиши ана шу юришларнинг натижасидир.

Замонавий миссионерликнинг умумий хусусиятлари эса қуйидагиларда намоён бўлади:

  • Конкрет мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиш;
  • Халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида фаолият юритиш;
  • Миссионерлик – ўзига хос бизнес, шахсий бойиш манбаи;
  • Миссионерлик – давлатлар ва сиёсий кучларнинг геосиёсий режаларига хизмат қиладиган сиёсий қурол.

Миссионерлик фаолиятининг молиявий манбаларига келадиган бўлсак, черков аъзоларининг ўз ойлик даромадларининг муайян қисмини черков ҳисобига ўтказади, хайр-эҳсон қилишнинг рағбатлантирилиши, черковнинг ишончли ва садоқатли вакиллари орқали турли цехлар, фирмалар ва босмахоналарга эгалик қилиш, хорижлик ҳомийларнинг молиявий ёрдамида асосий манбалари ҳисобланади.

Айни пайтда, миссионерлар ҳудудий ўзига хосликларини инобатга олган ҳолда фаолият олиб боришга ҳаракат қилишини ҳам таъкидлаш зарур. Чунончи, конкрет вазият ва шароитни инобатга олиб, миссионерлар ўз ҳамкорлари бўлган хорижий халқаро ташкилотлар билан биргаликда «ичимлик сувининг сифатини яхшилаш”, «экологик вазиятни барқарорлаштириш”, «болалар ва оналар саломатлигини мустаҳкамлаш”, «қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни оқилона ташкил этиш” деган турли шиорлар ва тамойиллар остида иш олиб боришга ҳаракат қилишларини алоҳида қайд этиш лозим.

Миссионерлар макон ва замонга мослашган ҳолда ўз услуб ва воситаларини доимий такомиллаштириб келганлар. Хусусан, сўнгги вақтларда улар маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиб, мақсадли иш олиб боришга интилмоқдалар. Жумладан, миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар.

Ёшларнинг фаол ижтимоий кучга айланиб бораётгани бугунги кунда уларнинг турли мафкуравий таъсир ва тазйиқларнинг бош обЪектига айланишига олиб келди. Бунда уларнинг жамиятнинг ҳали этарли тажрибага эга бўлмаган, ташқи таъсирларга тез берилувчан ва айни пайтда, энг ҳаракатчан қатлами экани инобатга олинмоқда ва ўз навбатида ёшларга алоҳида эътибор берилди.

Миссионерликнинг таниқли назариётчиси П.Джонстоун талаба ёшларни миссионерлик фаолиятининг асосий обьекти деб қараб, ўзининг «Дунё операцияси” китобида жумладан, шундай ёзади: «Бутун дунёда университет ва коллежларда 37 миллион талаба таҳсил олади. Уларнинг кўплари 20 йилдан сўнг йирик мансабларни эгаллашади”. Ушбу фикрлар миссионерларнинг жамиятнинг эртанги кунини белгилаб берадиган авлод онгини эгаллаш, назорат қилишни кўзлаб иш юритаётганини англаш имкониятини беради.

Бундай ғаразли иллатларга қарши самарали кураш олиб бориш учун биринчи навбатда аввало бефарқ, лоқайд бўлмаслигимиз шарт. Лоқайдлик ижтимоий иллат сифатида оғир оқибатларни келтириб чиқаришини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бугунги глобаллашув даврида ўзлигимизни, миллийлигимизни асраб-авайлаш, диний қадриятларга содиқлик туйғусини ўсиб келаётган келаётган ёш авлод онгига сингдириш, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, келгуси авлодларга бекаму кўст этказиб бериш ҳар биримизнинг муқаддас инсоний бурчимиздир.

Зеро, халқимизнинг эртанги куни, жамиятимиз истиқболи ва Ватанимиз тақдири учун дахлдор эканимизни унутмаслигимиз, ўз билим ва малакамизни эл-юрт манфаатлари, унинг бирлиги ва тараққиёти йўлида сафарбар этишимиз лозим.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
Бувайда тумани бош имом-хатиби в.б.

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan