“Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир”

Буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир” деган ибратли гапи машҳур. Мулоҳаза қилинса, ушбу сўз жуда ўринли экани англашилади. Негаки, мозий – ўтган замон ва унда бўлиб ўтган ишларга қараб ибратланиш, улардан керакли хулосалар чиқариш бугунги куннинг қадрига етиш уни асраб-авайлашни келтириб чиқаради.

Биз ушбу иборани бежиз келтирмадик. Ушбу ибора бугун кўриб турганимиз ёруғ кунларни қадрига етишимиз учун жуда зарурдир. Ҳозир биз шундай кунларда яшамоқдамизки, яқин тарихимизда бу кунларни қанча-қанча аждодларимиз орзу қилиб ета олмадилар. Бугун муқаддас динимизга берилган имкониятлар, биз эмин-эркин бажараётганимиз ибодат ва маросимлар улар учун орзуга айланган эди. Хусусан, кечагина нишонлаганимиз муборак ийди Қурбон ҳайити ва у кунда бажариладиган ибодатлар яқин тарихимизда яшаб ўтган кишилар учун мутлақо муяссар бўлмаган. Улар бу кунларни турли ҳадиклар остида, қўрқиб-писиб бажарганлар. Ҳатто бир-бирларини байрам билан табриклашга ҳам ботина олмаганлар.

Аммо бугунчи?! Шукрлар бўлсинки, бугун мутлақо бошқача. Бугун давлатимиз раҳабарининг ўзи бутун мамлакат халқини бу улуғ байрам билан табрикламоқда, халқимиз маънавий ҳаётида мустаҳкам ўрин тутган бу байрамни миллий-диний қадриятларга мос ва хос ҳолда нишонлаш ҳақида ҳар йили алоҳида фармон қабул қилинмоқда. Бутун мамлакат аҳолиси дам олиш куни деб эълон қилинган ушбу айём кунларини катта хурсандлик ва шодиёналар билан нишонламоқда. Албатта, бу каби ишлар кишини мулоҳаза ва мушоҳадага чорлаши зарур. Бугун ҳар бир фуқаро, ўзига берилган неъматларни қандай етиб келгани, у кимларнинг меҳнати ва машаққати эвазига келганини ўйлаш керак.

Шуни таъкидлаш керакки, бу ёруғ кунлар бизга яқин ўтмишда ўтган аждодларимизнинг дин-миллат ғамида тортган тинимсиз меҳнат-машаққати,  тинимисиз кўз-ёшлари эвазига келган. Улар ўзларига етган оғир синовлар олдида бардош билан тура олган, бесабрлик ва шошқалоқлик қилмаган, аксинча, ёруғ кунлар умидида Парвардигорга дуо-илтижо қилган. Бугун ана шу дуо-илтижоларнинг самарасини уларнинг авлодлари кўришмоқда.

Шундай экан, бугун юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро мазкур аждодлар руҳни шод қилиши, улар меҳнати эвазига келган бу кунларни қадрига етиши муҳимдир. Бу уларнинг Яратган Зот олдидаги ва аждодлар руҳи олдидаги бурчларидир. Зотан, улар ҳақида дуолар қилиш, ушбу неъматларни бардавомлигини таъминлайди. Негаки, ҳар қандай дарахтнинг меваси ширин бўлиши ва у узоқ йиллар яшаши учун унга, унинг илдизига кўпроқ сув юбориш керак.

Худди шунингдек, шундай дорул-омон кунлар бошимизда бардавом бўлиши учун аждодлар руҳига кўпроқ дуолар қилиш, уларнинг ибратли ҳаётларини яқиндан ўрганиб керакли хулосаларни олишимиз лозим. Бу эса шукроналикнинг энг катта кўриниши саналади.

Раҳматуллоҳ ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Марғилон шаҳар «Робия ҳожи она»масжид имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan