Муаммолар жойида ҳал этилди

Кейинги йилларида мамлакатимизда диний қадриятларни тиклаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, беназир илмий меросимиз  ва меъморий обидаларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.  Шунингдек, муқаддас динимиз Ислом  равнақи учун кенг имкониятлар яратилди. Халқимиз ўз ҳаётини буюк аждодларимизга муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлди. Табаррук  диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлмиш Истиқлол шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сабабли юртимизда Ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар очилди. Масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбаалар, осори атиқалар мусулмонлар ихтиёрида. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилди. Президентмиз Ш. Мирзиёев  ташаббуслари билан ўтказилган Қуръон мусобақаси нафақат минтақамизда, балки бутун мусулмон оламида кенг эътироф этилди. “Ҳадис илми билимдонлари”,  “Хаттотлар танлови” сингари кўрик-танловларнинг ўтказилиши келгусида ўзига хос анъанага айланиб кетишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Айни кунда мамлакатимизда 2000 дан ортиқ масжидлар ишлаётган  бўлса, уларнинг 198 таси Фарғона вилоятида мўмин-мусулмонларнинг бемалол ибодат қилишлари учун  фаолият кўрсатиб келяпти.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят  бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров кеча Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган масжидларда амалга оширилаётган ишлар, намозхонларга яратилган қулайлик ва шароитлар билан танишиб чиқди.

Вилоятимизнинг маъмурий маркази ҳисобланган Фарғона шаҳрида 8 та – «Янги Чек», «Уммул Қуро», «Жўйдам», «Нур», «Тоййиба», «Аҳмаджон қори»,  «Хўжамберди бой»,  «Муҳаммад авлиё» сингари масжидлар фаолият кўрсатяпти. Вилоят бош имом-хатиби мазкур масжидларда янада қулайлик яратиш учун амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, хусусан, амалга оширалажак қурилиш ишларида техник-хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, бино ва иншоотларни барпо этишда узоқни кўзлаган ҳолда иш олиб бориш, масжидлар кутубхонасини янада бойитиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, таҳоратхоналарни санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ҳолатда  сақлаш  сингари  кечиктириб бўлмайдиган  вазифалар юзасидан тегишли кўрсатмалар  берди.

Таъкидлаш лозимки, вилоят бош имом-хатиби масжид ходимлари – имом-хатиб билан бирга имом-ноиби, мутавалли (ҳисобчи), муаззин ва қоровуллар билан ҳам алоҳида суҳбат олиб бориб, мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан керакли кўрсатмалар берилди.

Вакиллик матбуот хизмати

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan