Муфтий ҳазратлари Данғара туманидаги “Саййидаҳмадхон” жоме масжидига ташриф буюрди

Моҳи Рамазон Фарғона вилоятида ўзгача файз ва тароват билан ўтмоқда. Қутлуғ ойнинг фазли ва баракасидан барча бирдек баҳраманд бўлишга ошиқмоқда. Буни одамларнинг хайрли ишларга ҳарислиги, ибодатга ошуфталиги ва фарзу суннат амалларини бажаришга эътибори ошганидан яққол сезиш мумкин. Бу йилги Рамазон ойининг илк кунларида Фарғона вилоятига давлатимиз Раҳбарининг ташрифи ва муборак ой билан табрик қилишлари фарғоналикларни чексиз қувонтирди. Барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Фарғона вилояти аҳолиси ҳаётида ҳам ўз аксини топаётгани, бундан аввало одамлар рози бўлаётганини алоҳида таъкидлаш керак.

Юртимизга ўзининг файзу баракаси билан кириб келган Рамазон ойнинг ҳикматлари жуда кўп, айниқса, ҳуфтон намозидан кейин таровеҳ намозининг ўқилиши энг ҳузурбахш онлар, десак тўғри бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазонда доим адо қилган таровеҳ намози таъкидланган суннат амал ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ҳақида “Ким унда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” деганларини эшитдим” (Имом Бухорий).

Куни кеча мана шундай шариф ойнинг файзли оқшомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Фарғона вилояти Данғара туманидаги “Саййидаҳмадхон” жоме масжидига таровиҳ намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга адо этиш учун ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровеҳ намозида Ҳақ каломига соме бўлишни интиқлик билан кутган намозхонлар жомега тўп-тўп бўлиб кела бошлашди. Яна бир қувонарлиси, ушбу жоме масжиднинг янги биноси фойдаланишга топширилиши мўмин-мусулмонларга Рамазон ойига катта туҳфа бўлди.

Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларни муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойи билан қутлаб, ушбу ойнинг фазилатлари ҳақида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, бу кунларни қадрлаш, муҳтарам Президентимиз томонларидан берилаётган шарт-шароитлар учун Парвардигоримизга шукроналар айтиш, бу неъматларнинг давомли бўлиши учун дуолар қилишни сўзладилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan