МақолаларОилам - саодат масканим!

Никоҳ – бу ибодат, машаққат эмас!

Сир эмаски, ҳозирги кунда халқимиз орасида тўй-ҳашамларда ортиқча исроф ва дабдабаларга ружу қўйиш анчайин одатга айланди. Бундай исроф ва дабдабалар кўпчиликни анча қийнаб қўймоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Исро” сураси 28-оятида шундай марҳамат қилади:

“Албатта исроф қилувчилар шайтоннинг биродарларидир, шайтон эса Роббисига ўта ношукр эди”.

Бошқа бир ояти каримада эса: “Енглар ичинглар, лекин исроф қилманглар” дейилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тадбиркорлик – яшашнинг ярми” деганлар. Демак, исроф қилувчи эмас, тежамкор бўлган киши оят ҳадисга мувофиқ амал қилган ҳамда Аллоҳ мақтаган кишилар сарасидан бўлади.

Динимизнинг ана шундай кўрсатмаларидан бехабар бўлган, ёки хабардор бўлса-да, амал қилишни хоҳламаган кишилар, айниқса, ота-оналар ўзларини анчайин қийин аҳволга солаётганлари, ҳатто бунинг оқибатида баъзилар юрак хуружи, қон босимини кўтарилиши каби касалликларга дучор бўлаётганини ҳам яшириб бўлмайди. Бундай бўлишига орзу-ҳавасларнинг сабаб чексиз бўлаётгани афсусланарлидир. Аслида, динимизда энг савобли ва энг осон ибодатлардан бири бу никоҳ ва шу муносабат билан ёзиладиган дастурохон, бир сўз билан айтганда тўйдир. Бироқ биз буни энг қийин, энг машаққатли бидаътга айлантиришга улгурдик. Аслини олганда, келин ва куёвни “бағишладим”, “қабул қилдим” деган сўзларини иккита гувоҳ эшитишлиги билан никоҳ боғланиши, ушбу никоҳни, яъни икки ёшни ҳалол йўл билан оила қурганини яқинларга эълон қилиб, дастурхон ёзиш кифоя экани манбаларда қайд этилган бўлса-да, бироқ биз ибодатни машаққатга, бидъатга айлантириб, ўзимизни ўзимиз машаққатга солиб, камига гуноҳни ҳам зиммамизга юклашдан қўрқмай қоляпмиз. Қуда-андалар томонидан қўйилаётган турли шарт ва ўзаро келишувлар, мебел, парда, гилам ва бошқа ортиқча сарпо-суруқлар одамни эсанкиратиб қўяди.

Ўз бахтини ўйлаган ақлли ёшларимиз айтсаки, отажон менга бу мебеллар, сарполар керак эмас, сизларнини соғлигингиз дуоларингиз керак, шу маблағларга бунинг ўрнига “отажон-онажон, сизлар бирга ҳаж қилиб, бизни дуо қилинглар” деса афзал эмасми?! Ахир ота-онасининг, катталарнинг дуосини олган ёшлар “кам бўладими”?!

Ота-оналар, катталарнинг дуосини олиб, туганмас орзу-ҳаваслар-у бидъатларни тарк қиладиган ёшларимизга Аллоҳ таоло икки дунё саодатини насиб этсин!

Аҳмаджон МАМАДИЕВ,
Фарғона тумани “Сирли масжиди имомхатиби

Калит сўзлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close