“Никоҳни янгилаб туриш” деган нарса бор экан. У қандай бўлади?

Савол: Биз томонларда никоҳни янгилаб туриш деган нарса бор. Одамлардан сўрасам, бундай изоҳлашди: «Киши аёлига баъзан “бор, кет”, “уйингга йўқол!” деб юборади. Шунинг учун вақти-вақти билан никоҳни янгилаб турилса, яхши бўлади», деб жавоб беришди. Муфтий ҳазратлари, шу масалага ойдинлик киритсангиз…

Жавоб: Шаръий никоҳ эр ва хотинни бир-бирига боғлайдиган ақддир. У вақтлар ўтиши билан эскирадиган, тўзийдиган нарса эмас. Шунинг учун, талоқни ифода қиладиган сўз айтилмагунича, никоҳ ақди узилмайди. Янгилаш деб эскирган, таъмирталаб нарсани тузатишга айтилади. Никоҳ эса, эскирмайди, янгиланмайди. Узилган бўлса, тиклашнинг шаръий имкони бўлса, тикланади – қайта никоҳ ўқилади.

Шу ўринда бир масалани айтиб ўтиш лозим. Куфр сўзларни, уларнинг моҳиятини анг­лаб ё англамай, жаҳл билан ёки ҳазиллашиб айтган одам диндан чиқади ва эр бўлса хотини билан, хотин бўлса эри билан ўрталарида ажралиш бўлади. Мисол учун, бир ёмон иш қилаётган одамга “Аллоҳдан қўрқ” дейилса, у: “Йўқ, қўрқмайман!” деб жавоб берса, имондан ажрайди. Ана шундай ҳолатларда имонни янгилаш ва никоҳни қайта ўқитиш лозим бўлади.

Имонни янгилаш калимаи тавҳидни сидқидилдан айтиш билан амалга ошади. Никоҳ эса шоҳидлар ҳузурида, шартларига риоя қилган ҳолда, томонларнинг розилиги билан қайта ўқилади.

“Сўраган эдингиз”.

Тавсия этамиз

Leave a Comment