Нима учун одамлар Пайғамбар ҳузурига ошиққан?!

Динимиз таълимотларида ижтимоий алоқалар ҳақида, аниқса, сўзлашиш ҳақида жуда ҳам эътиборли гаплар айтилади. Оилада, кўчада, жамоатчилик орасида инсонлар ўзаро қандай мулоқот қилишлари борасида етарли ва керакли кўрсатмалар бор.

Тил, нутқ орқали ўзаро мулоқотда бўлишимиз бу – Аллоҳ бизга ато этган улуғ неъматлар жумласидан экани шубҳасиз. Сўзлашганда фойдали ва керакли сўзлар гапириш, дунё ва охират учун наф келтирувчи, маъно ва мақсадли гапларни гапириш қанчалик яхши бўлса, унинг акси бўлган, ёлғон, бўҳтону-ғийбат қабилидаги гап-сўзлар, айниқса, ҳақорат ва сўкиниш, бесабаб бир инсонни дилини оғритиш каби сўзлар ёмон ва гуноҳ эканлиги ҳам ҳақиқат.

Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳаёлик ва камтарин инсон бўлганликлари маълум ва машҳур. Инсонлар билан ўзаро мулоқотда жуда самимий ва мулойим ширин сўзли бўлган эканлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, Оли Имрон сурасининг 159- оятида: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», – деган.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари биз учун улкан намуна экани аниқ. Биз ҳар бир дин ва дунё ишларимизда У зотнинг суннатларига муҳаббат билан амал қилишимиз лозим. Инсон беҳуда кераксиз сўзлардан четлашибгина қолмасдан балки, гапирганда мулойимлик бўлиши, хушмуомалада бўлиши, оилада ҳам, кўча-кўйда ҳам амал қилиниши лозим бўлган ҳақиқат эканлиги қуйидаги ривоятларда ҳам баён қилинган. Имоми Муслим ўз саҳиҳларида ушбу воқеани келтирадилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга масжидда турган эдик, бир бадавий келиб тик турди-да, масжидга бавл қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари: “Тўхтат! Тўхтат!” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Уни тўхтатманглар, шундоғича тек қўйинглар”, дегандилар, улар тарк қилишди, ҳаттоки (охиригача) бавл қилди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у бадавийни чақириб, унга: “Албатта, масжидлар бу каби бавл қилиш ва ифлосликлар содир этиш учун дуруст эмас. У Аллоҳ азза ва жалланинг зикри, намоз ва Қуръон тиловати учун бунёд қилинган (ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга ўхшаш сўз айтдилар). Ва қавмдаги бир кишига буюргандилар, у челакда сув олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у сувни ўша нажосат устидан қуйиб юбордилар”, деб айтдилар.

Жазо ёки танбеҳ бериш мумкин бўлган иш қилган аъробийга бўлган бундай муносабатда улкан бағрикенглик ва кечиримли бўлиш намунасини кўриш мумкин. Имоми Бухорий ўз китобларида қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ яҳудийлар келишди ва “Ассааму алайкум (Сизга ўлим бўлсин)” дейишди. Оиша айтди: “Бас, мен фаҳмладим ва “Сизларга ўлим бўлсин! Лаънат бўлсин!” дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳой Оиша! Шошилма! Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Нима деганларини эшитмадингизми?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингларга ҳам”, дедим”, дедилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган яҳудийлар “Ассааму алайкум” дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтишган. Чунки бу жумла саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишди. Душманлик туфайли қарғишларини салом қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишган. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз бу ҳийлани фаҳмлаб, ўзига яраша жавоб бердилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам, мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар. Бу ҳадиси шарифда мулойим бўлишга ундов бор.

Аҳли фазл кишилар нодонлар билан бўладиган муомалада ўзини билмаганга солишлари мустаҳаблиги бор. Албатта, ношаръий ишга олиб бормайдиган бўлиш шарти ила. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ кези келганда ўзини билмасликка солиш оқиллик аломати эканини таъкидлаган эканлар. Сўфи Оллоёр бобомиз раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Ёмон тил икки оламда зарардур,

Гаҳе исён, гаҳе хавфу хатардур.

Ёмон тил шумлиғи ки жонға урғай,

Гаҳе жондин ўтуб, иймонға урғай.

Мусулмон ўғлиға яхши қилиқ қил,

Тилингни хуш, чиройингни илиқ қил.

Оғиздин соч, еринда дурри маъни,

Агар бўлмаса хомуш айла яъни.

Агар бўлмаса санда сўзга етмак,

На давлатдур сукут этмак, эшитмак.

Тили ва қўлидан бошқалар саломат бўлган мусулмонлардан бўлиш барчамизга насиб этсин!

Шокиржон ТУРДИЕВ,

Қўштепа туманидаги “Абдусамад охун” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan