Ўғри (ибратли воқеа)

Одатий шаҳар мактабларидан бирида одатий ўқув куни. Ўқувчилар дарсда ўтирган вақтида қизлардан бири анчагина катта миқдордаги пули йўқолганлигини айтиб қолди. Ўқитувчи аёл синфда ўғри ўқувчи пайдо бўлганидан ниҳоятда ғазабланди. У хонадан ҳеч кимни чиқмаслигини ва ўқувчиларнинг сумкасини бирма-бир текшириб чиқишини айтиб қолди. Текшириш биринчи қатордан бошланди. Ўқитувчи асабий ҳолатда ҳамманинг сумкасини бирма-бир назоратдан ўтказа бошлади. Шу вақтда охирги қаторда ўтирган қизлардан бири хавотирлана бошлади. У ниҳоятда ҳаяжонланар, қўллари титрар, ҳадик билан ўқитувчига тикилганча ўйларди: “Навбат менга етиб келганида нима қиламан? Сумкамни очиб кўришса, шарманда бўламанку!” Ниҳоят ўқитувчи унинг қаршисига етиб келганида, қиз жуда безовта, кўзлари мунгли, ҳадикдан қалтираб турарди. Ўқитувчи ундан сумкасини очиб кўрсатишни сўраганида, қиз сумкасини беришдан бош тортди. Синфда ғала-ғовур кўтарилди. Ҳамманинг шу қиз ўғри эканлигига ишончи комил эди. Ўқитувчи бу сафар баланд овозда қиздан сумкасини беришни сўради. Қиз рад этгач, ғазабланган ўқитувчи унинг юзига тарсаки туширди ва нафрат билан пичирлади: “Ўғри!” Қизнинг лабларининг бир четида қон излари кўринди, юзларига ёш думалади. Ўқитувчи қизни мактаб директорининг хонасига олиб борди. Директор қиздан сумкасини унга беришни қатъий талаб қилди. Қиз сумкасини директорга узатаркан, йиғлаган овозда пичирлади. «… мен иложсизликдан…” Директор ва ўқитувчи сумкани очиб кўришдию бир муддат жим бўлиб қолишди.

Сумканинг ичида бир нечта нон бўлаклари ва овқат қолдиқлари бор эди. Қиз мунгли овозда ҳаммасини тушунтирди: “Мен сумкамни синфдошларим олдида очиб кўрсатишни хоҳламадим. Улар менга паст назар билан қарашларидан, устимдан кулишларидан қўрқдим. Мен доим сиинфдошларимдан ортиб қолган нон бўлаклари ва овқат қолдиқларини йиғиб юраман. Уйга борганимда эса онам, мен ва укаларим буларни биргаликда баҳам кўрамиз. Менинг отам ўлган… Онам касал… Укаларим оч… Бизнинг бундан бошқа тирикчилигимиз йўқ…” Устозларнинг юзига ёш сизди. Қиз ўксиб йиғлар, юзидаги тарсаки изи эса қизаришни бошлаганди.

«Оила тақвими»дан

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan