Оила фаровонлиги – жамият тинчлигининг асоси

Оиланинг тинч-тотувлиги ва мустаҳкамлиги юрт фаровонлигининг асосидир. Ватанга меҳр-муҳаббат ҳам, энг аввало, оиладан бошланади. Инсон ҳаётини оиласиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уни боғловчи кўприк эса никоҳдир. Оила келажак авлодга кучли таъсир этувчи чинакам тарбия маскани. Шу боис ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, айниқса, уларнинг оила қуришларига жиддий эътибор қаратиш барчадан катта масъулият талаб этади. Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳам қизларни эрта узатиш ҳолатлари кузатилаётганлиги ва бу салбий оқибатларга олиб келаётган ушбу масалага янада теранроқ назар ташлаш, янада масъулиятлироқ ёндашиш лозимлигини кўрсатади.

Мамлакатимизда бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилганлигини айтиб ўтиш ўринли. Эрта оила қурмоқчи бўлган шахслар, уларнинг ота-оналари, таълим ва диний муассаса ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Оила кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига никоҳ ёши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга ёки уни турмушга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилган.

Оила муқаддас даргоҳ, соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим ва бетакрордир. Инсон саломатлиги ва маънавий камолотининг биринчи пойдевори оилада қўйилади. Жамият ривожланиб, маънавий омилларнинг ижтимоий тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ортган сари оиладаги тарбия эътибор ҳам кучаяди.

Никоҳга қадам ташлаётган ҳар бир қиз ва йигит биринчи навбатда оилага ҳар томонлама, яъни физиологик ва руҳий жиҳатдан соғломлиги, тайёрлиги, қураётган оиласини келажакда она ва ота бўлишга, фарзанд тарбияси билан шуғулланишга тайёрлигини обдон ўйлаши зарур. Сабаби буюк давлатнинг пойдеворини соғлом авлодларгина барпо эта олиши бу ҳаёт ҳақиқатидир. Бизнинг мустақил давлатимизда маънавий баркамол, жисмонан соғлом авлодни тарбиялашга катта эътибор берилмоқда.

Бугунги кунда бизнинг ёшларимизнинг айримлари оила қуришга тайёр бўлмасидан эрта турмуш қуриш оқибатида ажрашишларга сабаб бўлмоқда.

Қиз боланинг бирор касб-ҳунар эгаси бўлмай, шахс сифатида жамиятда ўз ўрнини топмай оила қуриши турли ноҳушликларга олиб келади. Шу боис, ўтказилаётган учрашувларда балоғат ёшига етмаган қизни турмушга узатишга оид тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда, ота-оналик масъулияти, вазифалари ҳамда жавобгарлиги хусусида сўз юритилмоқда. Чунки эрта турмуш қурганларнинг аксарияти турли хил қийинчилик ва муаммоларни енгиб ўтишда қийналишяпти. Оқибатда айнан шундай оилалар ўртасида ажралишлар содир бўлмоқда. Кейинги пайтларда ажримлар, асосан, ёш оилалар орасида кузатилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Йигит-қизларнинг эрта турмуш қуриши, катта ҳаётга тайёр эмаслиги, ўзаро келиша олмаслик, муомала маданиятининг шаклланмагани, рўзғор ишларида уқувсизлик каби жиҳатлар оқибатида айрим оилалар бузилиб кетяпти.

Эрта никоҳнинг олдини олиш учун биз ёшларга биринчи навбатда соғлом бўлиши зарурлиги, хотинни эр олдидаги, эрни хотин олдидаги бурч ва маъсулиятларини билишини, касб-ҳунарли бўлишини, етук мутахассис бўлиб ота-онаси, ватани олдида ёруғ юзли бўлишини ўргатишимиз лозим. Айниқса, қизларнинг оиладаги ўрни улуғ ва аҳамиятлидир. Сабаби аёл суюкли ёр, меҳрибон она. Шунинг учун ҳам қизларни турмушга беришдан аввал уларни илм олишга, ҳунар ўргатишга, урф-одатларимизн, қиз болага хос бўлган миллий қадриятларимизни ўргатишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ходисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва  мустаҳкам оила барпо этишдир.

Олимжон Обиджонов,
Қувасой шаҳар “Ислом” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan