Оила мустаҳкамлигида эътибор қилиш лозим бўлган жиҳатлар

Азиз юртдошлар! Барчага яхши маълумки, мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, вояга етаётган ўғил-қизларнинг таълим-тарбияси масалалари борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу амалга оширилаётган хайрли ишлардан кўзланган мақсад оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, муқаддаслигини келажак авлод руҳига сингдириш ва жамиятимиздаги энг долзарб масала бўлиб турган оилавий ажримларни олдини олишга қаратилган.

Ҳар биримиз оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўришимиз вазифамиздир. Жамиятимизда келин-куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажмда ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур.

Маълумки, шайтон мўминлар ўртасида низо чиқариш ва эр-хотин орасига тушиш билан катта натижага эришади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис тахтини сув устига қўйди, сўнг аскарларини  юборади. Энг катта фитна чиқарганлари унга энг яқини бўлади. Аскарларидан бири келиб: “Фалон ва фалон қилдим»,  дейди. Иблис: “Ҳеч нарса қилмабсан”, дейди. Бири келиб: У (инсон)нинг ўзи билан оиласининг ўртасини ажратиб келдим, дейди. Шунда Иблис: Сен жуда ҳам зўр экансан!, дейди, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Кўп инсонларни қийнайдиган оилавий муаммоларни кўриб чиқайлик ва уларга уламоларимиз томонидан берилган тавсиялар асосида имкон қадар ечим топишга ҳаракат қилайлик.

Эр тарафидан бўладиган муаммолар

  1. Муаммо: хотинга эътибор бермаслик. Унга уйдаги қийматсиз бир жиҳоз сифатида қараш.

Ечим. Хотин эрнинг бир бўлаги. Унга  эътбор қаратиш зарур. Хурсанд бўлса, хурсандчилигига, хафа бўлса, дардига шерик бўлиши лозим.

  1. Муаммо: кичик хато ва тойилишларга беэътибор бўлмаслик.

Ечим. Эрда ўзини билмасликка олиш сифати бўлиши керак. Яъни хотиннинг диёнатига таъсир қилмайдиган арзимас хато ва камчиликлар содир бўлса, ўзини билмаганга олиши керак.

  1. Муаммо: ўзлари ёки болалари учун муҳим бўлган масалаларда эр-хотиннинг фикрига эьтибор бермаслик.

Ечим. Эр жуфти ҳалоли ҳаётидаги шериги эканлини ёдидан чиқармаслиги зарур. Балки ҳаёт йўлидаги ҳамроҳи эканини ҳис қилиши лозим. Муҳим масалаларада фикри тўғри бўлса, қабул қилади. Тўғри бўлмаса, қабул қилмайди. Унинг фикрини буткул инкор этмайди.

  1. Муаммо: эр бўйнидаги вазифасини бажариб туриб шуни хотинига миннат қилиши.

Ечим. Эр хотинига жавобгар эканини билиши зарур. Унинг ҳуқуқларига риоя қилмаса, қиёмат куни жавоб беради. Эр бурчини бажарар экан, хотинига бу нарсаларни миннат қилишга ҳаққи йўқ. Чунки у хотиннинг ҳуқуқлари ҳисобланади.

  1. Муаммо: эр болалари ёки оиласи олдида хотинини ҳақорат қилиши ва менсимаслиги.

Ечим. Эр хотининг ҳурматини ўзининг хурмати эканлигини билиши лозим. Бошқалар олдида хотинининг туйғулари ва ҳурматини сақлаши керак. Хусусан, болалари олдида ҳам.

  1. Муаммо: хотинни ихтиёрида бўлмаган нарсага мажбурлаш. Масалан, фақат қиз туғадиган бўлса, талоқ билан қўрқитади.

Ечим. Фарзанд Аллоҳнинг совғаси, эр-хотин бу борада ҳеч нарса қила олмаслигини эр билиши керак. Аллоҳ таоло айтади:

Осмонлар ва ернинг ҳукмдорлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга қизлар ва ўғилларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билгувчи ва ўзи (хоҳлаган нарсани яратишга) қодир зотдир

Хотин тарафидан бўладиган маммолар.

  1. Муаммо: хотин уй озодалигига эътибор бермаслиги.

Ечим. Уй ернинг ором оладиган жойидир. Аллоҳ таоло айтади: Аллох сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди (“Наҳл сураси, 80-оят”). Эр роҳат олиб, хурсанд бўлиши учун уй озода бўлиши керак. Шунда эрнинг қалби уйи ва хотинига боғланади.

  1. Муаммо: хотин болаларнинг тозалигига эътибор бермайди. Шу сабаб эр меҳмонлар олдида уятга қолади.

Ечим. Болалар ота-онанинг кўз қувончидир. Уларни тоза озода кўрмаган эрнинг аччиғи чиқади. Чунки кир-чир бола билан ўйин-ҳазил қилиш ҳам кўнгилга сиғмайди.

  1. Муаммо: хотин эрини қаттиқ рашк қилиши.

Ечим. Атрофимиздаги инсонлар ҳақида яхши фикрда бўлишимиз керак. Аллоҳ таоло сенга солих эр берган бўлса, билгинки, солиҳ инсон атрофдаги аёлларга эътибор қилмайди.

Рашкнинг яхшиси ва ёмони бор. Ёмон рашк гумонлар оловини аланга олдиради ва ҳаётни чидаб бўлмас даражадаги жаҳаннамга айлантиради.

  1. Муаммо: аёлнинг фарзанд тарбиясида камчиликка йўл қўйиши.

Ечим. Хотин болалар тарбиясига Аллоҳ таолонинг олдида масъул эканини англамоғи лозим. У ўз фарзандларини иффат, шижоат ва покизалик асосида тарбиялаши керак. Юксак мақсад қилишни фарзандларига ўргатиши лозим.

  1. Муаммо: хотин эрнинг оиласига яхши муносабатда бўлмаслиги.

Ечим. Эр рози бўлмаса, ҳотин жаннатга кира олмайди. Эрнинг ота-онаси рози бўлмаса, эрига жаннатга кириш насиб этмайди. Шунинг учун хотин эрининг розилигини ўз розилигидан устун қўйиши Ислом одобларидан эканлигини билиши лозим. Уэрининг яқинлари, хусусан, ота-онасини ҳурмат қилиши зарур. Уларни ҳурмат қилиши, эрига бўлган ҳурмат, вафодорлик ва муҳаббат белгисидир.

  1. Муаммо: Эрга шикоят қилиш учун қулай вақтни кутмаслик.

Ечим. Аёл эридан бирор нарса талаб қилмоқчи бўлса ёки ёмон хабар айтмоқчи бўлса ёҳуд бирор нарсадан шикоят қилмоқчи бўлса, қулай вақтни топиш керак. Ушикоят ва талабларини эри ишдан келишига йиғиб турмасин.Бу эрининг юрагини сиқади. Баъзида бунинг оқибатида жанжал ёки талоққа етиб бориши мумкин.

  1. Муаммо эҳтиёжданташқари нарсаларга ортиқча сарф ҳаражат қилиб, эрни қийнаш.

Ечим. Хотин эрнинг молиявий аҳволини эътиборга олиши, унинг пулини тежаши, бекорга исроф қилмаслиги ва зарур бўлмаган дунё нарсалари учун эрига оғирлигик яратмаслиги даркор. Ҳуссан, эрнинг пули йўқлигида унга азият етказмаслиги керак. Зеро, у хотиннинг сўраган нарсаларини амалга ошира олмай қийналади. Айтганларини олиб бера олмагани учун хотин олдида ожиз кўриниш унга осон бўлмайди.

Хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан ибрат олсин. Улар баъзида уйларида егулик бўлмаса ҳам, шукр қилишар эди.

  1. Муаммо: эрнинг шахсий ишларига хотиннинг кўп аралашиши. Ечим. Хотин эрнинг юрагини сиқишга эмас, балки уни бахтиёр қилишга уриниши керак. У Эрининг ишига алоқадор масалаларга аралашмаслиги лозим.

Хулоса қилиб айтганда, динимиз кўрсатмаларига риоя қилинган оилада эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар бўлмайди. Чунки бу оила ҳаётда учрайдиган ташвишлар уни қимирлата олмайдиган мустаҳкам асос устига қурилган бўлади. Агар бирор тушунмовчилик бўлган тақдирда ҳам эр-хотин дарҳол уни бартараф этишга шошиладилар. Натижада бу оила меҳр-оқибат ва тинч-тотувлик ҳукм сурадиган фароғат масканига айланади. Чунки Аллоҳ таоло бу оиладаги эр хотин ўртасида иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилган бўлади:

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир”  (Рум сураси, 21-оят).

Яъни бу оилада аёл эрининг кўз қувончи бўлганидек, эр ҳам аёлининг кўзини қувонтирадиган бўлади. Улар ўзаро меҳр муҳаббат асосида ҳаёт кечирадилар.

Жўрабек Раҳмонов,
Фарғона шаҳар бош имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan