Оила ва ўчмас қадриятлар

Ислом сўзи “саломатлик, тинчлик, хотиржамлик” маъноларини билдириб, мусулмон киши модомики динига амал қилар экан, тинчлик ва саломатликда ҳаёт кечиради. Динимиз инсонларнинг бахт-саодатда, тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришлари учун жамиятнинг ҳар бир бўғинида юксак фазилатлар ва инсоний қадриятларга асосланган ҳаёт тарзини тарғиб қилади. Масалан, исломда жамиятнинг энг кичик кўриниши бўлган оиладаги эр ва аёлнинг вазифалари ҳар бирига алоҳида белгилаб қўйилган. Аёл ўз эрига итоатда бўлиши, эрининг борида ҳам, ғойиблигида ҳам ўзини ва эрининг мулкини муҳофаза қилиши, фарзандларига чиройли тарбия беришлиги, эр эса ўз аёлига чиройли муомалада бўлиб, уни Аллоҳдан берилган омонат сифатида қабул қилиб, бошпана ва нафақа билан таъминлаши, турмушда бўладиган турли ҳаёт қийинчиликларида аёл кишидан ўтган баъзи бир камчиликларни кечириб, унга ҳимоячи ва суянчиқ бўлишлиги мазкур вазифаларнинг асосийларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Видо ҳажида сўзлаган хутбаларида: “Хотинларнинг ҳақларини риоя этингиз, улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Хотинлар сизларга Парвардигорингиз омонатидир”.

Оилада эркак киши раҳбар ҳисобланади. Қуръони каримда:

“Эркаклар хотинлар устидан(оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёлллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар(хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифз-ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар-яхши хотинлардир (Нисо сураси 34-оят).

Ҳар бир жамият оилалардан ташкил топар экан, оилаларнинг тинч ва фаровон эканлиги жамият тинчлигини таъминлайди.

Юртимизда миллий қадриятлар билан биргаликда исломий қадриятларни сақланиб қолишида ҳам оилаларнинг ўрни беқиёсдир. Чунки, улар исломий қадрият ва одоб ахлоқларни авлоддан – авлодга етказиб берадилар. Бундай тушунчаларни ўзида мужассам қилган оилаларда оилавий келишмовчилик, эр –            хотин, ота – бола, ака – укалар ўрталарида уруш – жанжаллар, турли низоларга ўрин қолмайди. Оиладаги эр ўз аёлини хеч бир сабабсиз талоқ қилиши дуруст эмас, зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ахли аёлларингизга энг яхши (гўзал муомалада бўлган) ларингиздир”, дея марҳамат қилинган. Оиладаги хотин эса эридан нафақа масаласида имкониятдан ташқари нарсаларни талаб қилиб, асоссиз жанжалларга сабаб бўлмаслиги, арзимас нарсаларда ҳам эрини ишларига аралашмаслиги, кези келганда эрига садоқатли маслахатгўй бўлиб, ўз эрининг виждонига айланиб, унга оила юкини тортишликда бир жону бир тан бўлмоқлиги керак.

Инсон Аллоҳ томонидан яратилмиш нарсалардан афзал эканлиги Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръони карим орқали очиқ равшан таъкидланган бўлиб, Қуръони каримнинг Ал-Исро сурасининг 70-оятида:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок насалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”, дейилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:

“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Неъматлар моддий ва маънавий бўлиб, ушбу ҳадиси шарифдаги неъматлар моддий неъматлар сарасига киради. Маънавий неъматлар эса ақл, иймон, Ислом, ҳуррият каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматга шукр қилувчиларга Аллоҳ таолонинг янада зиёда қилиб бериши, ношукрлик қилганларга эса Унинг қаттиқ азоби борлиги Қуръони каримда таъкидланган:

“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз:”Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам)жуда қаттиқдир (Иброҳим сураси, 7-оят).

Инсон ўзига берилган неъматларга қай даражада шукр қилганлиги ҳақида қиёмат куни сўралади:

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур сураси 8-оят).

Аллоҳ барчаларимизни икки дунё бахтига етқазсин ҳамда берган неъматларига шукр қилувчи, қиёмат куни ўзининг раҳматига муяссар бандаларидан айласин!!!

Саидакбархон Аъзамхонов,
Бувайда тумани  “Пошшопирим” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan