Олий диний таълим муассасаси рўйхатдан ўтди

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, шу йил 1 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасаси шаклида ташкил этилди ва 5 декабрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, 23-сонли гувоҳномага эга бўлди. muslim.uz портали бу ҳақда маълум қилмоқда.

Ушбу олий диний таълим муассасасини Бош қомусимизнинг 26 йиллиги арафасида давлат рўйхатидан ўтказилишида ҳам ўзи хос рамзий маъно бор. Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши Конституциямизда ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган диний таълим олишга бўлган фуқароларимиз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир катта имконият бўлди.
Гувоҳномани топшириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Ҳадис илми мактаби улуғ алломаларимиз, муҳаддис аждодларимиз ишларини давом эттириш имкониятини тақдим этиши, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз келажакда малакали мутахассислар сифатида аждодларимизнинг давомчиси бўлишга ва динимизнинг эзгу таълимотларини одамлар онгу шуурига сингдиришга хизмат қилишларини алоҳида қайд этдилар.

Ҳадис илми мактаби фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб, эзгу дуолар қилинди.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan