Орамиздаги бирликка раҳна солаётган иллатлардан бири бу…

Анас розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ  саллаллоҳу  алайҳи ва салламнинг ёнларида ўтирганимизда: “Ҳозир  ҳузурингизга  жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, деб қолдилар. Шу пайт ансорийлардан бир киши таҳорат сабабли соқолларидан сув томган,  кавушини чап қўлида кўтарган ҳолда кириб келди. Эртаси куни ҳам  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, дедилар. Бу сафар ҳам ўша киши аввалги ҳолида кириб келди. Учунчи куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, деганларида, яна ўша киши аввалгидай ҳолатида кириб  келди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам туриб кетдилар. Абдуллоҳ  ибн Амр ибн Ос айтиб берадилар: “Ҳалиги кишининг изидан бориб: “Отам билан аразлашиб қолиб, уч кун уйга бормасликка қасам ичдим,    агар имкони бўлса, қасамим ечилгунича сизникида тунасам, нима  дейсиз”, – дедим. Ансорий саҳоба розилик берди.

Абдуллоҳ ибн Амр уч кеча у билан тунади. Уни тунда (тунги намоз  учун) турганини кўрмади. Лекин кечалари у ёқ – бу ёққа ағдарилганда  Аллоҳни зикр қилар ва такбир айтиб қўярди. Шу билан бомдод  намозига туриб, чиройли таҳорат қиларди (Абдуллоҳ: “У кишидан  фақат яхши гапларни эшитдим”, – дейди).

Уч кеча ўтгач, мен унинг амалларини кам санаб қолишимга оз қолди. Унга: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Аслида отам билан ўртамизда ҳеч  қандай аразлашиш бўлмаган, лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи  васаллам учта бора: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан  бўлган киши келади”, – дедилар. Уч марта  ҳам сиз кириб келдингиз. Сизникида  тунаб, сизнинг амалларингизни кўрмоқчи бўлдим. Катта бир амал қилганингизни кўрмадим. Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи  ва саллам айтган даражага қандай етдингиз?”, – дедим. У: “Амалларим  фақат сен кўрганларинг”, – деди. Изимга қайтганимда, мени чақириб:  “Амалларим фақат сен кўрганларинг, лекин қалбимда бирор  мусулмонга нисбатан ғилли-ғашлик йўқ ва Аллоҳ берган яхшилик учун  бирор кишига ҳасад ҳам қилмайман”, – деди. Абдуллоҳ  ибн  Амр: “Ана  шу сизни (улуғ)  даражага етказган ва биз тоқат қила олмайдиган нарсадир”, –  деди” (Имом Аҳмад ривояти).

Салафи солиҳлардан бирлари: «Аллоҳ таоло бандага етмиш-саксон йил умр берсаю, шу қисқа умрни гина-кудрат ва бир-бирига ҳасад билан ўтказса, Аллоҳнинг ҳузурида нима дейди», деган экан.

Келинг, муҳтарам азизлар! Бизларга берилган шу қисқа умрни бир-биримизга нисбатан гина-адоват ва ҳасад қилиш билан эмас, аксинча, Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Албатта, мўминлар биродардир. Бас, икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг» деганидек ака-ука, биродар бўлиб ўтказалик. Шояд, бирдамлик ва ҳамжиҳатлигимиз янада мустаҳкам бўлса…!

Азизбек МИРЗАЖОНОВ,
Олтиариқ тумани «Хожа Абдуллоҳ ал-Ансорий» масжиди имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan