МақолаларМусулмоннинг одоби

Орангизда саломни ёйинг!

“Салом” инсонийликнинг бошидир. Дунёдаги барча халклар ўзаро муносабат муомала ва мулоқотни саломдан бошлашади. Ҳар бир халқнинг саломлашиш билан боғлиқ бўлган ўз урф одатлари бор. Саломлашиш одоби турли хил бўлмасин, мазмунан бир хилдир. Мусулмон кишининг саломлашиш одоби ўзига хос гўзал тилакни ифодалайди. “Ассалому алайкум” сизга тинчлик тилайман, ёки сиз тинч омон бўлинг, шунданми, қўл сиқишиб ёки табассум билан бир-биримизга тинчлик сиҳат-саломатлик тилаш ажойиб одатга айланган. Шундай экан, гўзал анъанани бошқаси билан алмаштириш мумкинми?!

Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бу шиддатли асрда дунё халқлари, маънавияти, урф-одатларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти.  Бир қараганда хавотирга ўрин йўқдай. Ким билсин, бора-бора чинакам мусулмонлигимиз, ўзбекона урф-одатимизга хос саломлашиш йўқолиб кетмасмикин. Саломлашишнинг ҳам ўз одоби, қоидалари бор. Икки киши бир-бирига дуч келганда, хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, салом бериш инсон одобидандир. Саломни “Ассалому алайкум” ёки “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб тўлиқ айтиш керак жавоб ҳам тўлиқ бўлиши лозим. Афсуски, аксарият ҳолларда, эътиборсизлик билан ёшлар ўртасида ғарбдан кириб келаётган саломлашишнинг мусулмон миллатимизни, миллий урф-одатимизга, айниқса, миллату динимизга зид бўлган четдан туриб саломлашишни жозибадор қилиб, чалғитаётганлар йўқ эмас. Баъзи ёшларни тушунмаган ҳолда ажнабийларнинг саломига ўхшаш салом билан беришлари бунга мисол бўла олади. Шу билан бирга бош уриштириб, саломлашиш одатлари ачинарли ҳолатдир. Икки киши бир-бири билан учрашиб қолганда қайси бири аввалроқ салом берса, шу киши Аллоҳнинг олдида улуғроқ ва яхшироқ саналади. Шу сабабдан “у киши мендан ёш, аввал салом берсин” деб кутиб ўтирмасдан ўзингиз салом, берсангиз, ёшларга таълим бериб, унга дўстлигингизни изҳор этган бўласиз.  Қуръони каримнинг Нур сурасида: “Қачонки, уйларга кирсангиз, покиза саломни айтинг”, дейилади. Имом Бухорийдан ривоят килинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Исломда, энг яхши амал қайси?” сўрагалганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Очларнинг қорнини тўйдириш ва таниган-таниманганга кишиларга салом бериш” дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, ёш болаларга ҳам биринчи бўлиб ўзлари салом берар эдилар.

Имом Муслим Пайғамбаримиздан шундай ривоят қилади: “Иймонга келмагунча жаннатга кирмайсизлар, бир-бирларингни яхши кўрмагунча иймонли бўлмайсизлар. Сизларга бир нарса айтайми? Шуни қилсангиз бир-бирларингизни яхши кўрасизлар. Саломни ораларингизда ошкор қилинг”.

Ислом фалсафасини қарангки, саломни дўстлик ва муҳаббат даражасига кўтарди.

Қобилхон ДАДАХЎЖАЕВ,
Тошлоқ тумани “Қодир ҳожи” масжиди имом-хатиби

Калит сўзлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close