Ўз болангни ўзинг асра!

Жаннатмонанд юртимизни обод қилиш, халқлар тинчлиги ва фаровонлиги йўлида олиб борилаётган олийжаноб ва савобли ишлар йил сайин кўпайиб боряпти.  Ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол, заковатли, бахтли бўлишини Аллоҳ таолодан тилайди ва шу йўлда узлуксиз ҳаракат қилади. Жондан азиз фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш барча ота-оналарнинг энг улуғ ва энг муқаддас орзуси экани ҳаммамизга яхши аёндир.

Динимизнинг барҳаёт таълимотларида фарзанд ҳаётимиз мазмуни ва зийнати эканлиги, унинг тарбияси ва уни соғлом ҳамда баркамол бўлиб вояга етиши борасида жуда кўп йўл-йўриқлар, тавсия ва маслаҳатлар мавжуд.

Жисмонан соғлом, ақлан етук бола мустаҳкам ва аҳил оилада камол топади. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, ўз Ватанига, халқига, дину диёнатига ихлосли ва садоқатли бўлиш каби олийжаноб фазилатлар айнан ушбу масканда шаклланади ва камолотга етади.

Оилаларнинг ўзаро аҳиллиги, ота-она, эр-хотин ўртасидаги соғлом муҳит, шубҳасиз,  фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Жондан азиз фарзандларимизга ҳаётнинг, тарбиянинг муҳим қонун-қоидаларини гўдаклигидан бошлаб ўргатишимиз, унинг мурғак қалбига бунёдкорлик ҳис-туйғуларини сингдириш барча ота-она ва мураббийларнинг долзарб вазифаси бўлиб келган. Фарзандларимиз дину-диёнатимиз, урф-одатларимиз, юксак маънавий меросимизнинг асосий қоидаларидан бири бўлган яхшиликка чорлаш, буюриш ва ёмонликдан қайтаришни, шукроналикни  одат қилиши лозим.

Пайғамбарлардан бошқа барча инсонлар гўзал одоб-аҳлоқли бўлишлари билан бир қаторда, ўзларининг инсонийлик табиатлари билан гуноҳ ишлар ва хатоларга йўл қўйишлари мумкин. Динимиз таълимотлари гуноҳ амаллар ҳақида очиқ, равшан баён қилган ва мўминларни гуноҳлардан сақланишга буюрган. Инсон гуноҳлардан эҳтиёт бўлиб сақланса, ўзини икки дунёда ҳалокатдан сақлаган бўлади ва Аллоҳ таолонинг севимли бандасидан бўлади. Шунинг учун ҳам ўзимизни ман қилинган ишлардан қайтаришлик билан барча фарзандларимизни, атрофимиздаги инсонларни ҳам гуноҳ ишлардан қайтариб, тўғри йўлга солишимиз ҳаммамизнинг бурч ва вазифамиздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар:

“Қайси бирингиз бирор ёмон ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Агар қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса, тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса, ёмон ишни қалби билан инкор этсин. Мана шу охиргиси имоннинг энг заиф даражасидир”.

Фарзандларнинг келажакда гўзал аҳлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳаққига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажобдир.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолий (р.ҳ.) бундай деганлар: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.

Бу хусусда Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

«أدبوا أولادكم وأحسنوا أدبهم». (رواه مسلم).

яъни: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилингар”,  деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Зеро, фарзанларимизга бераётган одоб-ахлоқ, тарбия ва таълим ота-онанинг ўзи учун садақаи жориядир. Фарзандингиз сиздан олган тарбия ва таълимга ҳаёти давомида амал қилса ҳамда бунинг эвазига қанча ажру савобга эга бўлса, унинг тенг эгадори сиз ҳам бўласиз, чунки у шу амалларни илмини, тажрибасини сиздан ўрганганда. Шунинг учун азизлар фарзанд тарбиясига бепарво бўлиш нафақат дунёмиз, балки охиратимиз учун ҳам надоматдир.

Аллоҳ таоло келажагимиз, миллатимиз, Ватанимиз таянчи бўлган барча фарзандларимизни Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида сақлаб, икки дунёда саодат аҳлидан бўлишларини насиб айласин!

Нодирбек Нишонов

Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжид имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan