Ўзбекистондаги масжидлар сони 2060 тага етди

Жорий йилнинг 5 июль, муборак жума куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғида янги “Шайх Шамсиддин” номидаги масжиди очилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.

Қишлоқ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Авваллари масжид учун 12 км узоқликдаги туман марказига боришига тўғри келар, маросимлар, тўй-маъракаларда қийинчиликка дуч келинар эди.  Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ўз масжидлари, имом-хатиблари бор, дейилди хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ҳудуд аҳолисини янги рўйхатдан ўтган масжид билан муборакбод этдилар. Муфтий ҳазратларининг эзгу тилаклари, дуои хайрларини  етказдилар.

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти аввало инсонларни рози қилиш, уларнинг оғирини енгил қилишдир. Аслида XX аср бошларида қурилган, бироқ ўтган давр мобайнида турли сабаблар билан ёпиб қўйилган ушбу масжидни очиш учун бир қанча жонкуяр ихлос эгалари кўп тер тўкдилар. Барча зарурий ҳужжатларни тайёрладилар. Масжид биноси ҳашар йўли билан қайта таъмирланиб, янги таҳоратхона қурилди. Сўнгги йилларда диний-маърифий сохада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасининг яна бир исботи ўлароқ масжид очилиб, қишлоқ аҳли, айниқса, нуроний кексаларнинг шодлигига сабаб бўлмоқда. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.

Иброҳим домла Иномов масжидда биринчи жума намозини адо этиб бердилар. Аллоҳнинг байтида тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати Қиёмат қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган пок ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилдилар.

Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2060 тага етди. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи”, Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий” номидаги янги масжидлар очилгани эди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда масжидлар сони 2017 йилнинг ноябрь ойида 2043 тани ташкил этган бўлса, айни вақтда улар сони 17 тага ошган. Шундан энг кўпи Самарқанд вилоятида бўлиб, вилоятдаги масжидлар сони  285 тани, Тошкент вилоятида эса 221 тани ташкил этса, Фарғона вилоятида 198 та масжид фаолият олиб бормоқда.

Вакиллик матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan