Ўзимиз ҳам уни егимиз келганди…

Тобеинлардан Рабиъ ибн Ҳусайминнинг бир иши ҳақида Абдурраҳмон Роъфат ал-Бошо шундай келтиради:

Ҳилол ибн Ясоф ал-Ашжаъий айтади: «Биз бир гал Рабиъ ибн Хусайминнинг зиёратига бордик. У бир жойда бемор бўлиб ётар эди. бирга узоқ суҳбат қилдик. Суҳбат асносида ўғли кириб келди ва «Отажон, анчадан бери туз тотмаганингиз учун онам сизга атайин таом тайёрладилар, агар есангиз жуда хурсанд бўлар эдилар», — деди. Майли олиб кел, — деди.

У ичкарига кириб кетганида бир соил эшикни тақиллатиб қолди. Уни ичкарига олиб киринглар, деди шайх. У кириб келганида қарасам, ўрта ёшлардаги кийимлари йиртиқ, оғзидан суви оқан, юзидан ақли пастлиги билиниб турган киши экан. Ундан кўзимни узмасимдан шайхнинг ўғли таомни кўтариб кирди. Шайх уни соилнинг олдига қўйишга ишора қилди. Товоқни унинг олдига қўйди. Соил дарҳол шоша-пиша уни ея бошлади. Оғиз сувлари товоққа оқиб тушар эди. Шу хилда кўз очиб юмгунча уни паққос туширди. Шунда шайхнинг ўғли:

— Отажон, ахир онам бечора сизни есин деб, меҳр билан уни тайёрлаган эди. Бизни ўзимиз ҳам уни егимиз келган эди. Сиз бўлса уни еяётгани нима эканини ҳам билмайдиган кимсага едириб ўтирибсиз, — деди.
Шунда шайхнинг ранги ўзгариб:

— Ўғлим, агар у нима еяётганини билмаса, Аллоҳ билади, — деди.
Сўнгра «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз Албатта, Аллоҳ уни билур (Оли Имрон сураси, 92-оят) мазмунини ўқиди».

«Марғилон алломалари» рукнидаги 
«Фозилжон Махдум Марғилоний» китобидан

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan