Қамчиқ довонидаги ягона масжид очилди

Бугун 2018 йилнинг 2 январь куни нафақат Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Кўксарой маҳалласи учун, балки воҳа ва водий, шунингдек, бутун Ўзбекистон аҳолиси учун қувончли воқеа содир бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки Қамчиқ довонидаги ягона масжид, автомагистрал йўлнинг шундоққина юзида жойлашган “Ислом нури” жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти вакиллигининг fitrat.uz сайти ёзмоқда.

Хабарда, масжидни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари очиб бердилар ва айнан шу масжидга меҳру-муҳаббатлари ўзгача эканлигини, шу сабабдан ушбу тадбирга шахсан ташриф буюришни истаганликларини таъкидладилар. Масжид шундай ҳудудда жойлашганки, у бамисоли чанқаган инсоннинг чанқоғини қондирувчи қудуқ кабидир. Чунки йўлдан ўтган олиму фузало, обиду зоҳид, қўйингчи, барча мўмин-мусулмонлар унда намозларини бекаму кўст адо эта оладилар, – дея қайд этилган.

Эслатиб ўтиш лозимки, 2013 йилда масжидни қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошланган эди. Масжид саховатпеша ҳомийлар ҳамда халқ ҳашар йўли билан битказилди. Масжидда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган, замонавий тарзда қурилган таҳоратхона эл хизматига шай.

Масжид очилишига бағишланган шодиёна дилларга қувонч, шодлик баҳш этди. Унда хайрли дуолар қилинди, эзгу тилаклар билдирилди.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan