«Қараб турасиз, ҳали бу бола тилло товоқда ҳалво ейдиган бўлади»

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илм йўлидаги қизиқишлари барчамиз учун жуда ҳам ибратлидир. Хатиб Бағдодий Али ибн Жўъддан нақл қилиб айтади:

«Қози Абу Юсуф менга деди: «Отам вафот этиб мен онам қарамоғида ёш етим қолдим. Онам мени бир кир ювувчига хизматга берди. Лекин мен уникига бормай Абу Ҳанифа дарсларига бориб, унинг дарсларини тинглар эдим. Онам эса орқамдан келиб мени қўлимдан ушлаб кир ювувчига олиб бориб берар эди. Абу Ҳанифа илмга қизиққаним ва рағбатимни билганидан мени у ерда бўлишимни истар эди.

Бир куни онам ишга бормай ҳадеб бу ерга келаверганимдан Абу Ҳанифага: «Бу болага сиздан кўра фасодроқ киши йўқ. Ахир бу етим бўлса, уни ип йигириб боқсам, ишлаб бир дона нон топишини истасам, сиз уни йўлдан урсангиз», деди. Абу Ҳанифа деди: «Қараб турасиз, ҳали бу бола тилло товоқда ҳалво ейдиган бўлади». Буни эшитган онам индамай қайрилиб кетди ва: «Қариб ақггингиз кетиб қолибди», деди.

Йўқ, барибир кейин Абу Ҳанифани лозим тутдим ва Аллоҳ менга кўп фойдалар берди. Ҳатто қозилик мансабига етдим ва халифа Ҳорун ар-Рашид билан бир дастурхонда ўтирадиган бўлдим. Бир куни халифага ҳалво келтирилди. У менга деди:

«Эй Яъқуб, ундан егин, бизга доим ҳам бундай ҳалво келтирилавермайди». Мен ундан: «Бу нима, эй мўминлар амири», деб сўрадим. Бу ҳалво, писта ёғида қилинган», деди. Буни эшитиб мен кулдим. Нимага куласиз, деди. Мен шунчаки ўзим, дедим. У, йўқ айтасиз, деб туриб олди. Мен қиссани бошидан охиригача айтиб бердим. У бундан ажабланди ва: «Умримга қасамки, илм инсонга дину дунёда фойда келтирар экан, — деди ва — Абу Ҳанифа ақли билан кўз олмаган нарсаларни ҳам кўрар экан», деб ҳақига дуо қилди».

Абу Юсуф Абу Ҳанифа ҳазратларининг дарсларига шу қадар қизиқиб кетадики, ҳатто бир ўғли вафот этганида дарсдан қолишдан қўрқиб дафн ишини бировларга топширади.

Раҳматуллоҳ ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Марғилон алломалари рукнидаги

«Фозилжон махдум Марғилоний» китобидан

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan