Қомусимиз – эътиқодимиз кафолати

Нечукким, эрур адл шаҳларға зеб,
Эрур ҳам гадо, хокраҳларга зеб.
Шаҳеким, адолатдур онинг иши,
Тенг эрмас анга шоҳлардин киши.

Алишер Навоий

Бугунги кундаги илм-фан ривожи, мисли кўрилмаган тараққиёт, барча соҳаларда амалга оширилаётган оламшумул кашфиётлар оламу одамга янада теранроқ назар ташлаш имкониятларини бермоқда. Агар ўзимизни ўраб турган борлиққа нигоҳимизни қаратсак, унда энг кичик заррадан тортиб улкан галактикаларгача, ҳаммаси муайян бир низом асосида ҳаракатланаётганига, яшаётганига гувоҳ бўламиз. Олимлар аниқлашича, хоҳ сув остида, хоҳ ер устида, хоҳ чексиз осмону фалакда бўлсин – биз билгану билмаган ва кўргану кўра олмайдиган ҳайвоноту наботот оламининг ҳар бирида ҳам ана шундай ўзига хос бир қонуният ҳукмрон. Тасаввур қилинг, агар шу низом заррача бузиладиган бўлса, яъни борди-ю, кеча ва кундузнинг ўрни алмашиб қолса, қандай улкан фожиалар келиб чиқади. Демак, Аллоҳ таоло томонидан энг мукаррам зот қилиб яратилган биз – инсонлар ҳам ана шу қонуниятга бўйинсунишимиз, мамлакат аталмиш муайян бир ҳудудда жамият бўлиб яшар эканмиз, шу жамият аъзолари учун ишлаб чиқилган қонун-қоидаларга риоя қилишимиз зарур бўлади. Акс ҳолда ҳар қандай жамиятда тартибсизлик, бошбошдоқлик келиб чиқади. Ким нима қилишини билмай, ҳар ким ўзича иш тутишга ҳаракат қилади. Буни дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган ўзаро нифоқлар, қирғинбаротлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Шунингдек, бу низомни биргина оила мисолида кўрадиган бўлсак, ҳам бўлади. Ҳаммамизга маълумки, қайси оилада ўзаро ҳурмат, катталарнинг панд-насиҳатларига қулоқ тутиш, ота-она ва фарзандлар муносабатида оилавий ҳаётнинг ёзилмаган бўлса-да, асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз асосида шаклланган қонун-қоидаларига риоя қилинса, ўша хонадонда тартиб-интизом, тинчлик-тотувлик, моддий ва  маънавий бойлик ҳукмрон бўлади.

Инсониятни тинчлик-омонлик, тўкин-сочинлик, бахту саодатда ҳаёт кечириши ёки улкан фожиаларга гирифтор бўлишига сабаб бўлувчи маънавий-ахлоқий қарашларидан бири эътиқод масаласида ҳам муайян қонуният мавжуд. Шунинг учун ҳар бир мамлакатда яшаётган жамият аҳли бу борада ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда ўз тузуги – Конституциясини ишлаб чиқади ҳамда унда инсоннинг барча ҳуқуқ ва бурчларини акс эттиришга ҳаракат қилади. Жумладан, эътиқод масаласида ҳам. Эътиқод масаласида шуни унутмаслик керакки, ҳеч кимга бирор диний қарашларни мажбуран сингдириб, уни айнан шунга эътиқод қилишга мажбурлаш мумкин эмас. Бу масалада ҳар кимнинг ҳақ-ҳуқуқи, эрки ўзида. Инсониятга бундан ўн тўрт аср олдин нозил қилинган Қуръони каримда  очиқ-ойдин айтиб қўйилган. Бунга “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…” (“Бақара” сураси, 256-оят) ояти ёрқин мисол бўла олади. Демак, биз эътиқод қилаётган Ислом динида ҳам эътиқод масаласида ҳар бир киши ўзига кўрсатиб қўйилган йўллардан бирини эркин танлаш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланган. Эътиқод масаласида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам худди шундай тамойилга амал қилинган. Бош Қомусимизнинг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.  Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, – деб ёзиб қўйилган.

Шуни эътироф этиш керакки, Конституциямизнинг юқоридаги моддасига таянган ҳолда мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва дин вакиллари виждон эркинлиги масаласида эмин-эркин яшаш имкониятига эга бўлмоқдалар. Бунинг натижаси ўлароқ юртимизда тинчлик-фаровонлик, ижтимоий-сиёсий барқарорлик ҳукм сурмоқда.

Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисми Ислом динига эътиқод қилади. Юртимизда бошқа конфессия вакиллари каби Ислом динига эътиқод қилувчиларга ҳам барча шарт-шароитлар яратиб берилганлиги Қомусимиз эътиқодимиз кафолати эканлигидан далолат беради. Бугунги кунда юртимизда фаолият олиб бораётга икки мингдан ортиқ масжидлар, ўнлаб мадраса ва Ислом дини асосларини ўргатишга ихтисослаштирилган мактаблар, олий таълим даргоҳлари фикримизни исботлайди.  Бугунги кунда халқимизга Ислом дини асосларини янада чуқурроқ ўргатиш, бу борада ҳар тарафлама илмий тадқиқотлар олиб бориш, бир пайтлар Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Бурҳониддин Марғилоний, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Алишер Навоий каби ўнлаб аллома боболаримизнинг бизга қолдирган бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш, уларнинг асарларини нашр этиш, араб ва форс тилларида ёзилганларини таржима қилиш; фиқҳ, ҳадисшунослик, тасаввуф ва бошқа йўналишларда мактабларнинг очилиши, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этилиши, турли диний мавзулардаги адабиётлар етарли даражада етказиб берилаётгани, албатта бу – диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Улуғ аждодларимизнинг Ислом оламида тутган ўрни, мавқеини англаш, юртимизда яна шундай улуғ алломалар етишиб чиқиши учун замин ҳозирлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар қаторига қўшиш ҳамда эътиқодимиз эркинлиги кафолати сифатида эътироф этиш мумкин бўлади.

Конституциямизда белгилаб қўйилган виждон эркинлиги ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасини тўғри йўналишга буриш, ўзимизга берилган умрнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиш ва юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшиш имкониятини беради.

Алишер НАИМОВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan