Қўшнининг энг яхшиси

Маълумки, мусулмон банданинг зиммасида бир неча ҳақлар мавжуд. Шуларнинг бири қўшничилик хаққи. Бирор тузум ёки дин исломчалик қўшнининг хаққига эътибор берган эмас.

Ибн Умар разияллоху анхудан ривоят қилинади. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга қўшни хақида шунчалик кўп тавсия қилдики, мен ҳатто У уни тез орада меросхўр қилиб қўйса керак, гумон қилдим”, дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Ушбу ҳадиси шарифдан билинадики, қўшнининг ҳаққи жуда муҳим эканлиги. Шунинг учун саҳобаи киромлар ва салафи-солиҳлар қўшниларининг ҳаққида беэътибор бўлмаганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта у учун қўй сўйилди, шунда у ўз ғуломига яҳудий қўшнимизга ҳадя қилдингми, яҳудий қўшнимизга ҳадя қилдингми, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Жаброил менга қўшни хақида шунчалик кўп тавсия қилдики, мен ҳатто У уни тез орада меросхўр қилиб қўйса керак, гумон қилдим”, деганларини эшитдим, деб айта бошлади (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қўшнининг ҳаққига шунчалик эътибор берганларидан ҳатто яҳудий бўлсада қўшниларининг ҳаққига риоя қилдилар. Чунки Ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қўшниси оч бўлатуриб ўзи тўқ бўлган киши мўмин эмас деганларини эшитдим”, деб айтилган.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида дўстларнинг энг яхшиси ўз дўстига энг яхши бўлганидир ва Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига энг энг яхши бўлганидир”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта фалончи кечаси қоим, кундузи рўзадор бўлади ва садақа қилади ва қўшниларига тили билан озор беради”, деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидан”, дедилар. Улар (саҳобалар) фалончи фарз намозларинигина ўқийди ва бир бўлак пишлоқ садақа қилади ва бирор кишига озор бермайди, дедилар. Шунда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У жаннат аҳлидандир”, дедилар.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан олинадиган фойдалар:

Қўшнининг ҳаққига беэътибор бўлмаслик лозимлиги.

Ўз таомидан уларга ҳам ҳадя қилиб туришлик кераклиги. У ҳадя каттами-кичикми фарқи йўқ, чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй муслима аёллар, эй муслима аёллар, қўшни аёл қўшни аёл учун гарчи қўйнинг туёғи бўлсада улашса, уни паст санамасин”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Қўлдан келганича қўшнига ва ўз дўстларига яхшилик қилишлик кераклиги, ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолишлиги яхши эмаслиги.

Қўни-қўшни ҳаққига риоя қилишлик билан жамият тинч, фаровон бўлади, юрт обод бўлади, чунки мусулмон инсон доимо ўзгалар билан ҳамроҳ бўлиб яшайди. Халқимиз бежизга қўшнинг тинч, сен тинч деб бежизга айтишмаган.

Ушбу пур маъноли мақол ҳудди ҳадиси шарифда келтирилган насиҳатлар билан уйғун.

Азалдан ота-боболаримиз қўшниларнинг ҳақ-ҳуқуқларига доимо риоя қилиб келишган. Ўзаро ораларида ҳашар йўли билан бир-бирларини қўллаб-қувватлашган. Ораларида беморлар бўлса, уларни зиёрат қилиб, қийналганларга моддий ва маънавий ёрдам бериб келишган.

Бугунги кунимизда биз ҳам қўшничилик ҳақларига эътиборимизни қаратишлигимиз лозим.

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан қўшни ҳақида сўралганида: “Олд тарафидан қирқ ҳовли, орқа тарафидан қирқ ва ўнг тарафидан ва чап тарафидан қирқ”, дея жавоб берди.

Ушбу ривоятдан қўшнилар сони бир юз олтмишта эканлиги билинади.

Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита қўшним бор, уларнинг қайси бирига ҳадя қилай”, дедим. У зот: “Эшиги сенга яқинроғига”, дедилар.

Демак, бизлар энг аввал ўзимизга яқин бўлган қўшнимизга яхшилик қилишлигимиз лозим экан. Аллоҳ таоло барчамизга қўшничилик ҳақларимизни чиройли адо этиб яшаш бахтини насиб этсин!

Муҳаммад Али ИБРОҲИМЗОДА,
Бувайда тумани “Эшонбобо” масжиди амалиётчиси

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan